loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Биеннале доирасида кўргазма

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан жорий йилнинг 24-28 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегияси тўғрисида”ги 2022 йил 28 январдаги 60-сон Фармони 2-иловаси билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 275-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2022 йилдаги 91-сон Баёнига асосан, “Рассом ва жамият. Келажак санъати концепциялари” мавзусида IX Тошкент Халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилмоқда.

Мазкур халқаро кўргазма Ўзбекистондаги бир қанча маданият масканлари: кўргазма заллари ва галереяларда бўлиб ўтмоқда. Алоҳида жойларга ўтказилишидан қатъий назар уларнинг барчаси биенналенинг бош мавзусидан четга чиқмаган ҳолда ташкиллаштирилмоқда.
2022 йил 24 октябрь куни соат 15:00да Тошкент Фотосуратлар уйида ҳам IX Тошкент Халқаро замонавий биенналесининг асосий қисми фотоасарларидан ташкил топган йирик бадиий кўргазма бўлиб ўтади.


Тошкент Фотосуратлар уйида бўлиб ўтадиган мазкур кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар союзининг “Фоторассомлар шўъбаси” аъзолари: И.Садикзада, В.Шлосберг, А.Жумаев, В.Жирнов, Б.Алимходжаев, В.Ан, И.Щур, М.Константинова, шунингдек, Туркия, Ҳиндистон, Литва, Эрон, Бангладеш сингари хорижий мамлакатларнинг истеъдодли фотосуратчилари иштирок этишмоқда.


Кўргазмага тақдим этилган фотосуратлар бир мавзуда бўлишига қарамасдан фотография санъатининг турли жанрларида талқин этилган. Инсоннинг жамиятда тутган ўрни, жамиятга муносабати, уларнинг ўзаро уйғунлиги фотоасарларда турли сюжетлар, ранглар, шакллар орқали акс эттирилган.Кўргазма залларининг бирида ҳозирда Лондонда яшаб, ижод этаётган рассом Юнус Сафардиёрнинг эркин жанрдаги асарлари намойиш этилмоқда.


Юнус Сафардиёрнинг ижодий таржимаи ҳолида кўплаб экспериментал лойиҳалар мавжуд бўлиб, улар орасида, ҳатто, балет томошаси ҳам бор. Бироқ у, аввало, ақл бовар қилмайдиган зукколик билан сўнгги технология асосида яратилган ноёб ҳайкаллари билан машҳур. Ҳар куни ўн минглаб одамлар унинг асарларини томоша қилиш учун қадамларини секинлаштиради…

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.