loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Биеннале матбуот анжумани

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида” 2022 йил 28 январдаги 60-сон Фармони 2-иловаси билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжаланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 275-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2022 йилдаги 91-сон Баёнига асосан жорий йил 24-28 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Рассом ва жамият. Келажак санъати концепциялари» мавзуида  IX Тошкент халқаро Замонавий санъат биенналеси  ўтказилмоқда.Шу муносабат билан 19 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мазкур халқаро санъат анжуманини ўтказиш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси 2001 йилдан буён икки йилда бир маротаба Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар кўмагида, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.

У тасвирий санъат соҳасида маданий алмашинув, турли мамлакатлар замонавий ижодий салоҳияти билан танишув, замонавий санъатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун очиқ майдон бўлиб хизмат қилади.   IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесининг   мақсади –  соҳада янги ғоялар ва истиқболли тенденцияларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар  замонавий санъатини оммалаштириш, тасвирий санъатнинг қизиқарли экспериментал шаклларини аниқлаш,  рассомнинг замонавий жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратишдан иборат.Биеннале замонавий санъат турларини халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш, жаҳонда ривожланаётган замонавий санъат  жараёнларини ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган.Беш кун давомида санъат ихлосмандлари дунёнинг 35 та мамлакати – Озарбайжон, Аргентина, Арманистон, Болгария, Беларусь, Бразилия, Бангладеш, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Нидерландия, Миср, Исроил, Италия, Испания, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Қувайт, Канада, Литва, Малайзия, Польша, Россия, Руминия, Сербия, АҚШ, Туркманистон, Тожикистон, Туркия, Тунис, Франция, Филиппиндан 35 нафар  ижодкор ҳамда маҳаллий рассом-усталарнинг санъат намуналаридан баҳра олиб, ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўладилар.

Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси Дастури ранг-баранг бўлиб, томошабинларга турли шаклдаги қизиқарли кўргазмалар тақдим этилади, шунингдек, таниқли хорижий қатнашчиларнинг маҳорат дарслари, илмий конференциялар ўтказилади.IX Тошкент Халқаро замонавий санъат Биенналеси жюри аъзолари Италия, Озарбайжон, Буюк Британия ҳамда Россиядан таниқли экспертлардан ташкил этопган.Маданий анжуманда иштирок этиш учун турли давлатлардан алоҳида муаллифлар ва ижодий гуруҳлар қуйидаги йўналишлар бўйича таклиф этилган. Биенналеда тасвирий халқаро ва маҳаллий ижодкорлар санъатнинг қатор замонавий йўналишлари – поп-арт, рақамли санъат, инсталляция, видео ва фото арт, шунингдек, рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик бўйича иштирок этадилар. Бундан ташқари Биенналеда масофадан (онлайн) иштирок этувчи рассомлар замонавий санъатнинг видео-арт, фото-арт йўналишларида ўз ижодий ишларини тақдим қилишади.IX Тошкент Халқаро замонавий санъат Биенналеси кўргазма, маҳорат дарслари ва илмий анжуманлар Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасида бўлиб ўтади.

Тадбир низомига асосан ғолиб иштирокчилар Гран-при, 1,2,3- ўрин асосида тақдирланади.Тошкент халқаро биенналеси том маънода авлодлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш кўпригига, мамлакатимиз ижодкорлари ва хорижий меҳмонлар билан ижодий мулоқот майдонига айланиб қолади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.