loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Биз оқибатли, меҳрли халқмиз

Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ тадбирларда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳам иштирок этаяпти. 👇

Жумладан, 1 май куни юз берган офатдан жабрланган юртдошларимиздан 149 нафари Бадиий академияга қарашли Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ётоқхонасига жойлаштирилди. Мактаб-интернати маъмурияти томонидан уларга зарур шарт-шароитлар тўлиқ яратиб берилди, ҳар бири алохида ётоқ жойи билан таъминланди. Мактаб-интернати ҳамшираси ва Сирдарё вилоят тиббиёт бирлашмасидан бириктирилган ходимлар томонидан талофат кўрганларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди.

2 май куни эрталабдан Сирдарё вилоят прокуратураси, Гулистон шаҳар прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа давлат органлари ходимлари, вилоят тиббиёт бирлашмаси шифокорлари сув тошқинидан талофат кўрган юртдошларимиз ҳолидан хабар олишди. Вилоят марказида “Бунёдкор, гўшт-сут савдо” МЧЖда ташкил этилган озиқ-овқат маҳсулот омборидан зарур озиқ-овқат маҳсулотлари мактаб-интернати ошхонасига келтирилди ва ошхона ишчилар томонидан барчага тарқатилди.

Вилоятнинг ўзида озиқ-овқат ва кийим-кечак маҳсулотлари юкланган машиналар карвони ташкил этилиши ва мурувват ёрдами юборилишига Сирдарё ИСМИ ҳам ўз хиссасини қўшди.

Бугун, 4 май куни Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-инетрнатига офатдан талофат кўрган фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларга далда бўлиш мақсадида Гулистон шаҳар прокурори ташриф буюриб, мактаб-интернатида яратилган шароит билан тўлиқ танишиб чиқди.

Бугун ҳеч ким ҳолатга бефарқ эмас. Бу офат фақат сардобаликларнинг эмас, ҳаммамизнинг бошимизга келган офат.

Мактаб-интернат ўқитувчилари ҳам жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатишмоқда. Хусусан, озиқ-овқат тайёрлаб тарқатиш, керакли зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш ишларини олиб бормоқдалар. Мактаб-интернатимизнинг бошқа ходимлари ҳам бугун хайрия ташкил этиб, Сардобага маблағ йўналтириш ишлари бошладилар.

 

Зарур чоралар кўриб қўйилди

Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ҳам Сардоба сув тошқинидан зарар кўрганларнинг эвакуация қилиниши мумкинлиги назарда тутилиб барча шароитлар яратилди. Бунинг учун мактаб-интернат ётоқхонасида 120 киши учун жой тайёрлаб қўйилди.

Барча зарурий чоралар қаторида тиббиёт, санитария ходимлари ва мактаб-интернат ишчиларидан иборат навбатчилик гуруҳи ташкил этилди.

#Sirdaryo

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.