loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бир гуруҳ фаол ходимлар тақдирланди

Бугун,30 август куни Ўзбекистон Бадиий академиясида 2022/2023 ўқув йили якуни бўйича тизимдаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг бир гуруҳ ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда 2022/2023 ўқув йили якуни бўйича ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялаш, таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш ва ёшларга таълим олишида зарур шарт-шароит яратиш ҳамда бадиий таълим соҳасини янада ривожлантиришга қўшган самарали ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар турли номинациялар бўйича Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг дипломи билан тақдирланди. Унда ZOOM платформаси орқали ҳудудлардаги таълим муассасалари жамоалари ҳам иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Ф.Обиджанова очиб берди ва иштирокчиларни Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги билан табриклади.

—Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мактабларда таълим сифатини янада ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида бу соҳада катта ишлар амалга оширилганлигини таъкидладилар.

Дарҳақиқат, ўтган қисқа даврда бадиий таълим соҳасида ҳам бир қатор ижобий ислоҳотлар, янги ижодий ва илмий лойиҳалар, янги замонавий ўқув адабиётлар ҳамда ижодкор ёшлар учун қўшимча шароитлар яратилди.

Шу ўринда мамнуният билан таъкидламоқчиманки, тизимдаги барча устозлар ва соҳа ходимлари фидоийлик, ўз ишига юксак масъулият руҳида меҳнат қилмоқдалар. Бугунги байрамона кайфиятингиз янги ўқув йилини янги куч ва янги ғоялар билан бошлашга туртки беради, деган умиддаман, — деди Ф.Обиджонова.

Тадбирда сўзга чиққан педагог ва мутахассис ўқитувчилар фаолиятга бўлган эътибор учун миннатдорлик билдиришди.

Шундан сўнг соҳада самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг дипломлари тантанали равишда топширилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.