loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Боқийликка дахлдор аср

4 ноябрда Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил топганлигининг 100 йиллигига бағишланган “Боқийликка дахлдор аср” номли фотокўргазма очилди.

Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент  фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган ва бир ҳафта давом этадиган мазкур фотокўргазманинг асосий мақсади кенг оммани Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архивида сақланаётган Ўзбекистон Миллий архив фондининг ноёб фотоҳужжатлари, яъни халқимизнинг маданий мероси билан таништиришдан иборатдир.

Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви 1943 йилда ташкил топган бўлиб, у мамлакатимизда ягона ва Марказий Осиёдаги йирик архивлардан бири ҳисобланади. Архивда ҳужжатли кинофильмлар, фотонегативлар, магнит лента ва грампластинка каби овозли ёзувлар доимий сақланади.

Фотокўргазмада намойиш этилган фотосуратлар архивда сақланаётган ноёб, қимматли ва қизиқарли ҳужжатли фотосуратлар орасидан танлаб олинган. Улар турли мавзуларда бўлиб, тасвирларда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг кундалик ҳаёти, мусиқа мактаби ўқувчиларининг машғулотлари, миллий ҳунармандчилик, хусусан, кулол-усталарнинг иш фаолиятлари, археологларнинг илмий-текширув жараёнлари, Ўзбекистон санъат арбобларининг оддий халқ билан мулоқоти, ижодий суҳбатлар, чет эллик меҳмонларнинг мамлакатимизга ташрифи сингари жараёнлар акс этган. Айниқса, 1880-1900 йиллардаги ўзбеклар вакиллари ва уларнинг ижтимоий ҳаёти тасвирланган фотоҳужжатлар омма учун жуда қизиқарлидир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.