loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Дилбек Тўхтақуловнинг шахсий кўргазмаси

5 декабрь куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчиси Дилбек Тўхтақуловнинг «Инсон» номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазмада муаллифнинг 40 га яқин асарлари томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

График рассом Дилбек Тўхтақуловнинг асарлари шошилмасдан танишишни талаб қилади ва томошабинни образлар оламига аста-секин олиб киради.

Кўргазмада портретлар алоҳида ўрин олган. Улар орасида Aлишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро, давлат арбоби ва шоир Бобур, Мадинанинг етти фақихидан бири ва тарихчи Урва ибн аз-Зубайр, жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий, шоир Ойбек каби тарихий шахслар, театр ва кино ижодкори, театр режиссёри Баҳодир Йўлдошев сиймоларини кўрамиз. Бу портретларнинг ҳар бирида график рассом ўзига хос реалистик образ яратади, фонда эса тарихий воқеалар, рамзий манзаралар, шаҳарлар, макон ва замонга хос белги ва рамзларни тасвирлайди.

— Д.Тўхтақулов ижодида “инсон муаммоси”га турли жиҳатлардан – ҳам руҳ, ҳам ақлан, ҳам жисман назар ташланади. Кўргазманинг марказий асари «Инсоният фарзанди» диптихидир.

Диптихнинг биринчи қисмида Орол фожеаси ҳақида ҳикоя қилинади, бу офат инсон томонидан яратилган ва худди шу инсон унинг оқибатини кўрмоқда. Диптихнинг иккинчи қисми ёшлигидан глобал муаммоларга дуч келган африкалик болаларга бағишланган.

Aйнан диптихнинг иккинчи қисми рассом ижодида янги босқични белгилайди, бу ерда у моҳирона ўзлаштирилган академик мактабдан замонавий санъатга йўл олади, — дейи кўргазма бадиий раҳбари Мунис Нур.

Кўргазма давом этмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.