loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижодий имтиҳонлар якунланди

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига жорий йил ҳужжат топширган 1 минг 711 абитуриентдан 1 минг 404 нафари «Чизматасвир» ва «Композиция» фанидан касбий (ижодий) имтиҳон топширди.

Имтиҳонлар 28 июлдан 5 августга қадар ўтказилди. 7 август – заҳира кунида эса Давлат тест маркази томонидан истисно тариқасида рухсат берилган бир иш кунида тўловни амалга оширган ҳамда имтиҳонга киришидан аввал ҳарорати 37 даражадан ошган ва коронавирус аниқланмаган 11 абитуриент учун касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилди.

Институтда касбий (ижодий) имтиҳонларни адолатли ва шаффоф ўтказиш учун қуйидаги омиллар асосида барча зарур чоралар кўрилди.

Биринчи омил: касбий (ижодий) имтиҳон жараёнлари тўғридан-тўғри институтнинг mrdi.uz сайтида онлайн тарзда  намойиш этилди ва бу транслацияда бир сония ҳам узилиш бўлмади. Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари жараённи онлайн кузатиб борди.

Иккинчи омил: Касбий (ижодий) имтиҳон жараёнига аудитория назоратчиси ва кузатувчиси сифатида умумтаълим мактаби ўқитувчилари жалб этилди.

Учинчи омил: Якунланган ижодий ишлар аудитория кузатувчиси томонидан шифрланиб, махсус хонада баҳолаш учун комиссия таркибига тақдим этилди. Абитуриентларнинг бажарган ишларини баҳолашга комиссияси раиси сифатида институтда фаолият юритмайдиган таниқли ижодкор рассомлар, ҳайкалтарошлар, амалий санъат усталари, санъатшунослар, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, Ўзбекистон халқ рассомлари, Ўзбекистон санъат арбоблари таклиф этилди.

Тўртинчи омил: Қабул жараёни давомида шаффофлик ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида институт жамоатчилик Кенгаши таркибига ёшлар вакиллари, маҳалла фуқаролари йиғини раислари, эл ардоғида бўлган санъат усталари киритилди. Улар ҳам тегишли тартибда институтга ташриф буюриб, жараёнларни бевосита кузатиб борди.

Бешинчи омил: Ижодий ишлар баҳолангандан сўнг шу куннинг ўзида институт сайтида эълон қилинди.

Касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси хулосасидан норози бўлган абитуриентларга имтиҳон натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида институтнинг веб-сайти орқали апелляция комиссиясига онлайн тарзда ариза билан мурожаат қилиш имконияти берилди. Шу кунга қадар апелляция комиссиясига келиб тушган аризалар сони 54 тани ташкил қилди ва улар комиссияси томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилди. Аппеляция жараёни онлайн ҳамда офлайн шаклда ўтказилди.

Тасдиқланган квотага кўра, 2021/2022 ўқув йилида институтга бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклига 410, шундан  90 та давлат гранти, 320 та тўлов-контракт, сиртқи таълим шаклига 100 та тўлов-контракт ва магистратура мутахассисликларига 65 та, шундан 18 та давлат гранти, 47 та тўлов-контракт асосида квоталар ажратилди.

Жорий ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда абитуриентлардан касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилиши белгиланди.

Эндиликда абитуриентлар ўз рухсатномасида кўрсатилган сана, вақт ва манзилда юқоридаги фанлардан тест синовларида қатнашади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.