loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижодкорнинг шахсий кўргазмаси

15 июнь куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон акварель устаси Олимжон Фозиловнинг “Акварел” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада рассомнинг 60 га яқин акварелда ишланган асарлари этюд ва хомаки ишлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма ташкилотчилари: Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Тошкент фотосуратлар уйи.

Акварелда рангтасвир асарларини яратиш бирмунча мушкул. У ижодкордан тезлик билан ечимга келиш ҳамда бир уринишда ишни тугаллашдек нозик вазифани талаб этади. Шу боис, акварелда ишлайдиган рассомлар жуда камчиликни ташкил этади.

Бугунги кўргазма муаллифи Олимжон Фозилов оммага таниш бўлмасада, ўз ишининг устаси эканлиги унинг асарларидан сезилиб туради. Томошабин экспозициядаги кичик ҳажмдаги акварел ишларда маҳобатли мазмун-моҳиятнинг гувоҳи бўлади.

Теварак атрофдаги бир зумда бўлиб ўтаётган воқелик картиналарда усталик ва маҳорат билан муҳрланган. Бир қарашда реал тасвирга эга бўлган полотноларда гўё борлиқ йўқликка сингиб кетаётгандек таассурот уйғотади.

Биргина картинада рассом рангтасвирнинг бир неча жанрларини жамлаб беришга муваффақият билан эришади (“Бақланлар”, 2017; “Тарвуз мавсуми”, 2023; “Бўзсув”, 2023).

Картиналардаги баъзи деталлар графикага хос ёрқин чизиқларда яққол тасвирланса, композициянинг баъзи қисмлари импрессионистлар картиналаридаги сингари ҳавога йўғрилиб кетаётгандек (“Яллама”, 2014; “Чиноз отлари”, 2017; “Меҳнат”, 2017; “Бирчмулла, Тоғ эчкилари”, 2018). Картиналар композицион ечими қанчалик теран хотималанган бўлса, ранглар градацияларининг бир-бирига сингиб кетиши шунчалар жарангли (“Анорлар”, 2022; “Кечки балиқ ови”, 2023;). ….

Рассом ҳақида:
1951 й. – Тошкент вилояти, Бекобод шаҳрида туғилган (Ўзбекистон).
1968-1975йй. – П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (Ўзбекистон)ни тугатган (устозлари А.Перов, Ю.Стрельников, А.Рожков, И.Лимаков) .
1975-1976 йй. – Янгийўл шаҳридаги 12-мактабда расм ва чизмачиликдан дарс берган.
1976-1987 йй. – Янгийўл “Лаззат” қандолотчилик фабрикасида бош рассом бщлиб ишлаган.
1998-2002 йй. – Янгийўл касб-ҳунар билим юртининг “Нафис санъат” бўлимида чизматасвир ва рангтасвирдан сабоқ берган.
2005 й. – “Ўзбекистон” НМИУ бадиий раҳбари.
2015 й. – “Табиат ва рассом” Республика кўргазмаси иштирокчиси.

Ҳозирда эркин ижодкор.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.