loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Инсонпарварлик ёрдами юборилди

Хабарингиз бор, шу кунларда республикамиз ташкилот, идора, муассасалари, қолаверса турли соҳада меҳнат қилаётган юртдошларимиз томонидан Сардоба сув омборида содир бўлган техноген офатдан жабрланганларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Бугун Ўзбекистон Бадиий академияси ҳам мана шундай хайрли ташаббусга бош қўшиб, “Биз сиз билан биргамиз” шиори остида сирдарёликларга инсонпарварлик кўмагини жўнатди.

Мурувват юклари бугун эрта тонгдан Бадиий кўргазмалар дирекцияси олдида йиғилди. Бундай савобли ишга Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти, тизимдаги ташкилот ва ўқув муассасалари фаоллари, рассом, ижодкорлар ўзларининг беғараз ҳиссаларини қўшдилар.

Халқимиз шусиз ҳам коронавирус пандемияси билан кураш кетаётган ушбу оғир дамларда сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизни ёлғиз қолдирмади, аксинча, юксак инсонийлик фазилатларини намоён этиб, уларнинг бундай қийинчиликларни мардона енгиши, ҳаётини яна изга солиб олиши учун жипс куч бўлиб қўллаб-қувватлаяпти.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший техника воситалари, уй-рўзғор буюмлари ва аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат ёрдам юклари Гулистон шаҳрида жойлашган 1-улгуржи базага етказиб берилди. Хайрия маҳсулотлари бу ердан тегишли манзилларга жўнатилади.

Сирдарёлик юртдошларимизга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, руҳий далда бўлиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Бу оғир синовли кунларни биргаликда босиб ўтамиз. Саҳоват тадбирларимиз эса давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.