loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Кўҳна ҳунармандлик анъаналаримиз акс этган кўргазма

Тошкент фотосуратлар уйида шу номда давом этаётган, Ўзбекистоннинг кўҳна ҳунармандлик анъаналари ҳамда бой маданий-тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган, юртимизнинг Тошкент, Марғилон, Андижон, Хива, Ғиждувон каби шаҳарларидаги пешқадам бешиксоз усталарнинг ижодий ишлари билан таништираётган кўргазма катта қизиқиш уйғотмоқда.

Халқ усталари ижодий ишларининг хилма-хил намуналари, мўъжаз ашёларга қадар мукаммал ёндашув ва ранго-ранг нақшу нигорлар жилоси – буларнинг бари томошабинга нафақат миллий маданият жозибасини тасаввур этмоқ, айни чоғда, ўзбек бешигининг тарихий-маиший аҳамиятини ҳис этмоқ имконини ҳам беради.

— Кўп асрлар муқаддам пайдо бўлган бешик Марказий Осиё халқлари маданиятидан мустаҳкам ўрин эгаллагани маълум. Ушбу анъана бизнинг давримизга қадар етиб келди ва замонавий дунёда ҳам ўз ўрнини топди. Буларнинг бари теран рамзийлик туфайлидир. Зотан, ўзбек халқи бешик тимсолида чин маънода муқаддас ва мўътабар воқеликни тасаввур этиб келган, — дейди санъатшунос Бинафша Нодир. — Сулолавий усталар ишлаб чиқариш жараёнининг нозикликларини ўзлаштириш, ҳунар синоатини кашф этиш, яъни бу борада ўз “дастхати”га эга бўлиш учун йиллар давомида бешик тайёрлаш сирларини ўрганадилар. Эндиги вазифа жуда масъулиятли – асрлар мобайнида фойдаланилган тайёр қолип-андозалар асосида янгича, айни чоқда, бешиксозлик анъаналарини давом эттирувчи ҳунармандлик намунасини яратиш лозим.

Ўзбекистонда 1990-йиллар ўрталарида бешик тайёрлаш бўйича кўҳна марказлар тикланиб, янгилари пайдо бўла бошлади. Бугун бир қатор шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси ушбу ҳунарнармадлик тури билан шуғулланади. Улар орасида ўзига хос ўринга эга бешиксозлик марказлари сифатида Фарғона водийсида Андижон, Наманган, Марғилон, Ўзбекистоннинг марказий ва шимолий минтақаларида Тошкент, Ургут (Самарқанд), Ғиждувон (Бухоро), Кармана (Навоий), Сурхондарё музофотида Бойсун, Хоразм вилоятида эса Урганч, Хазорасп ва Хивани қайд этиш лозим. Ҳар бир минтақа ушбу маҳсулотни тайёрлаш ва безаш борасида ўзига хос анъаналарга эга.

Асрлар мобайнида ҳаёт риштаси чақалоқнинг митти оламини ўзида мужассам этган бешик ила пайванд бўлиб келган. Чақалоқнинг илк бошпанаси бўлмиш бешик Ўзбекистон халқларининг тасаввур ва тахайюл оламига навқирон ҳаёт рамзи сифатида муҳрланган ва аҳоли турмушидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. У авлоддан авлодга мўътабар омонат ўлароқ ўтиб, бизнинг кунларга қадар етиб келибгина қолмай, бугун ҳам ўзбек халқи анъанавий маданиятининг таркибий қисмига айланди.

Тошкент фотосуратлар уйида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди томонидан ташкил этилган, анъанавий бешик тарихига бағишланган мазкур кўргазма жорий йил 25 ноябрига қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.