loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот анжумани

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги 01-31/1-2048-сон Баёнига мувофиқ шу йил 8-13 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда муассасалар ҳамкорлигида “Замонавий амалий санъат:декор ва услуб” номли III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилади.

Шу муносабат билан 5 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мазкур биеннале мақсад ва вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3219-сон қарори шу йўналишдаги муҳим ҳужжат бўлди.

Ушбу Қарор билан 2017 йилдан бошлаб халқаро амалий санъат биенналесини ўтказиш йўлга қўйилганлиги, халқимизга ва жаҳон ҳамжамиятига замонавий амалий санъат асарларини намойиш этиш, бу борада халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишда катта имкониятларни яратди.

Таъкидланганидек, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишлаб ўтказилаётган ушбу биеннале нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқишга сазовор бўлмоқда.

Бу йил 18 хорижий давлат – Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Украина, Болгария, Франция, Италия, Швеция, Австралия, Кения, Япония, Хитой Халқ Республикаси, Покистон,Туркия, Уммон, Эрон каби мамлакатлардан жами 64 нафар (шундан 30 нафари онлайн) амалий санъат устаси қатнашмоқда. Республикамиздан 100 дан зиёд амалий санъат усталари ўз ижодини намойиш этади.

Ҳафта давомида пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ўтадиган ушбу халқаро биеннале дастуридан замонавий ўзбек ва хориж безак санъати, миллий кулолчилик, ҳаттотлик ва миниатюра асарлари кўргазмалари ўрин олгани, ганчкорлик, кулолчилик, наққошлик бўйича маҳорат дарслари, миллий ва замонавий либослар намойиши, ижодий учрашувлар, конференциялар биенналенинг мазмунан бой бўлишига хизмат қилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.