loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Халқ устаси кўргазмаси очилди

Бугун, 18 март куни Тошкент фотосуратлар уйида «Наврўз – ёшариш ва янгиланиш байрами» шиори остида Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали сохиби, устоз-ганчкор Асрол Мухторов шахсий кўргазмасининг  очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада Асрол Мухторовнинг 20 та ганчкорлик асарлари ҳамда устанинг республикамизнинг турли ҳудудларидаги меъморий иншоотларида ишлаган ишларидан лавҳалар, устанинг ижод жараёни, унинг дўст-биродарлари, шунингдек, биноларнинг интерьер ва экстерьер қисмларида ишлаган ганчкорлик асарларидан бўлаклар алоҳида, йириклаштириб берилган 30 дан ортиқ фотосуратлар тақдим этилди.

Уста Асрол Мухторов Ўзбекистон халқ устаси, Тошкент ганчкорлик мактабининг етакчи вакили, кўпгина моҳир ганчкорларни етиштирган, замонавий меъморий биноларга анъанавий ганчкорлик нақш унсурларини киритишда фаол иштирок этиб, ўзига хос мактаб яратган  Маҳмуд Усмонов қўлида тарбия топди. Устози билан кўпгина меъморий биноларни таъмирлашда иштирок этиш билан ўз билими ва маҳоратини ошириб борди.

1979 йилдан бошлаб, у ўзи тайёрлаган шогирдлар билан бригада тузиб, ишлай бошлади. 50 дан ортиқ шогирдларга ўз ҳунари сирларини ўргатди. Мустақиллик Асрол Мухторов ижодига янги мазмун ва шиддат бағишлади. У қисқа вақт ичида юзлаб маъмурий, маиший иншоотларни бадиий-эстетик жиҳатдан сайқаллади. Темурийлар тарихи Давлат музейи, “Туркистон” санъат саройи, Алоқа вазирлигининг катта зали, Чирчиқдаги кимёгарлар Маданият саройи, Тошкент аэропортининг кириш қисми ва дам олиш заллари, Республика Миллий банки биноси, Олий Мажлис биносининг шарафа-пештоқлари ва ичкари қисми, Савдо вазирлиги биноси, Байналминал Маданият маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бинолари, Аҳмад ал-Фарғоний номидаги театр зали, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, “Юнусобод” теннис корти, сузиш ҳавзаси, Бароқхон мадрасаси, Муъин Халифа Эшон бобо мақбараси, Тошкент телеминорасининг ҳаворанг зали сингари 300 дан ортиқ иншоотларда Асрол Мухторов ўз маҳоратини ёрқин намоён этди. Асрол Мухторов Ўзбекистондагина эмас, хорижий мамлакатларда ҳам ўз санъат ганчкорлик дурдоналарини яратди. Устанинг меҳнатлари кўп самара бериб, муносиб тақдирланди. У киши Ўзбекистон давлатининг фаҳрий совринлари билан бирга хорижий давлатлар мукофотлари ва димломларини қўлга киритди.

2013-2014 йилларда уста-ҳунарманд 3 хил: тош ойнали, заминли ва панжарали услубида, 4мх4м ҳажмли “Тошкент” ҳамда “Президент” ганч палагини яратди. Мўйин Халфа Эшон бобо зиёратгоҳида “Хасти Имом” ганч палаги ишланди ва  “Тошкент” энциклопедиясига киритилди. 2014 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Зангиота меъморий-мажмуасидаги Анбар биби мақбарасининг ичкари деворларини ганчкорлик намуналари билан безади. Ҳозирда уста шогирдлари билан Тошкент шаҳридаги “Минор” масжиди биносини гачкорлик ишларини амалга оширмоқда.

2021 йилда Шаҳрисабз вилоятидаги “Янгибозор” Савдо маркази учун диаметри 2 метрли, 8 та бежирим осма қандилларни ишлаган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.