loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Нидерландиялик рассом Роналд Кляернинг шахсий кўргазмаси

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида 25 йилдан бери Ўзбекистонда яшаб, ижод қилаётган асли нидерландиялик рассом Роналд Кляернинг  “Ўзбекистон халқининг 1000 та портрет асарлари туркуми” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Битта композицияга бирлаштирилган 54 та кичик ўлчамдаги портретларни ўз ичига олган туркум асарлар йигирма йил давомида ишланган бўлиб, замонавий ўзбек халқи вакилларининг умумий образи сифатида қизиқиш уйғотмоқда.

Туркумдаги барча портретлар ягона формат ва ранг ечими билан бирлаштирилган: қиёфалар – чуқур тўқ жигарранг фонда пайдо бўлиб, ички «рембрандча» ёруғлик таратади.

Қаҳрамонларнинг ҳар бири ўзига хос ва шу билан бирга характерли. Кимдир йирик планда, кимдир бўй баравар – елкагача ёки белгача, кимдир олд томондан, кимдир профилда тасвирланган – бу бутун туркумнинг яхлитлигини бузмайди, аксинча ҳар бир тасвирланган инсоннинг характерини очиб беради ва шу билан бирга жамоавий портретлар хилма – хиллигини намоён этади.

1973 йилда Нидерландиянинг Ноотдорп шаҳарчасида туғилган рассом Гаагадаги Қироллик Бадиий академиясининг чизматасвир ва рангтасвир факультетида таҳсил олган.

Ўзбекистонга биринчи марта 1994 йилда келган Роналд Кляер ўзбек замини бўйлаб саёҳатида юртимизнинг бой меъморчилиги, табиати билан яқиндан танишади ва юртига улкан таассуротлар оғушида қайтади. 1997 йилда Қироллик Бадиий академиясини тугатгач, рассом Тошкент шаҳрига кўчиб келади.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда уни энг кўп ҳайратга солган жиҳат бу – ёруғликнинг кўплигидир. Булар қуёш нурига тўйинган пахта далалари, яйловлар, дала-даштлар,чексиз кенгликлар, ўзига хос рангга эга қишлоқлардир.

Рассомнинг таъкидлашича, профессионал рангтасвирда 1998 йилдан бери ижод қилади. Шу давр мобайнида у яратган мингдан ортиқ асарларнинг учдан икки қисми Ўзбекистонга бағишланган.

Роналд Кляер  Ўзбекистондаги кўплаб кўргазмаларда қатнашган. Жумладан, 2013 йилда бўлиб ўтган Халқаро Тошкент замонавий санъат биенналесида у Марказий Осиё портретлари туркумини тақдим этган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.