loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ноёб истеъдод соҳиби

9 Май – Хотира ва Қадрлаш куни

Раҳим Ахмедович АХМЕДОВ (1921-2008 йй.) — Ўзбекистон рассомлик мактаби асосчилари ва устунларидан бири, ноёб истеъдод соҳиби, портрет жанрининг моҳир устаси.

Ўзбекистон халқ рассоми (1961 й.), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967), Ўзбекистон Бадиий академияси фахрий аъзоси (1997 й.).

Ўзбекистон давлат санъат музейи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси ва бошқа маданий муассасаларда сақланадиган асарлари 1948 йилдан буён республика ва халқаро кўргазмаларда намойиш этиб келинади.

1937—1941 йилларда П. Беньков номидаги Республика бадиий ўқув юртида, 1947—1953 йилларда Санкт-Петербургда И.Репин номидаги рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институтида ўқиди.

Раҳим Ахмедов асарлари инсон ички руҳий кечинмалари, ҳис-туйғулари моҳирона ифодалангани билан ажралиб туради. Ижодини асосан портрет чизиш билан бошлаган.

                                              «Тонг.Оналик.» картинаси

Рассом мўйқаламига мансуб «Қаҳрамон она» (1949 й.), «Чўпон» (1952 й.) , «Студент қиз портрети» (1954 й.), «Она ўйлари», «Кекса колхозчи портрети» (1956 й.), «Ўзбек қизи портрети» (1958 й.), «Қашқадарёлик аёл» (1959 й.), «Меҳнатда ҳам солдат» (1961 й.), «Сурхондарёлик аёл» (1962 й.), «Муқимий» (1968 й.), «Нигора» (1971 й.), «Ў.Тансиқбоев» (1972 й.), «Лола портрети» (1979 й.) «Наби Раҳимов» (1983 й.), «Шуҳрат Аббосов» (1987 й.) сингари ва бошқа асарлари ўзбек тасвирий санъатида портрет жанрининг ривож топишига улкан ҳисса бўлди.

Раҳим Ахмедов хилма-хил жанрларда, жумладан, пейзаж, натюрморт, тематик мавзуларда ҳам моҳирона мўйқалам юритиб, залворли, салмоқли асарларни мерос қолдирди.

«Баҳор» (1964 й.), «Наҳор. Оқтош баҳори» (1971 й.) номли ва бошқа манзаралари, натюрмортлар («Натюрморт». 1954 й.), «Натюрморт», 1965 й. ва бошқалар) миллий тасвирий санъатимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

1956 йилда яратилган “Она ўйлари” – ҳам мутахассислар, ҳам тасвирий санъат ихлосмандлари томонидан баралла қабул қилинган рассомнинг энг сара асарлари сирасига киради. Бунинг сабаби, тақдирнинг аянчли зарбаларига дош берган ўзбек онасининг образи рангларда ҳаққоний тасвирланганида эди.

Маълумотларда таъкидланишича, ушбу асардаги она образи реал инсон ҳаётидан қоғозга кўчган. Тошкент вилоятида ижодий сафарда бўлган рассом тоғли қишлоқлардан бирида истиқомат қилаётган муштипар онахоннинг қисматига гувоҳ бўлади. Иккинчи жаҳон урушида икки ўғли ва турмуш ўртоғидан жудо бўлган она ҳикояси рассомни ниҳоятда таъсирлантирган эди. Шу тариқа “Она ўйлари” дунёга келди.

Рассомнинг Ўзбекистон тасвирий санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси давлатимиз раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланди ва  1998 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.