loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Озарбайжон санъат арбоби билан учрашув

Бугун,14 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Озарбайжон Миллий санъат музейи директори, Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Фарзалиев Чингиз Абдул Мажид ўғли билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур иштирок этди ва сўзга чиқди.

Сўнгги йилларда қардош Озарбайжон билан бошқа соҳалар қаторида тасвирий санъат соҳасида ҳам алоқалар тобора ривожланиб бораётгани, пандемия сабабли тўхтаб қолган ҳамкорлик яна изчил изга тушаётгани, Ўзбекистон ва Озарбайжон Бадиий академиялари ўртасида имзоланган Меморандум асосида қатор ижодий ҳамкорлик лойиҳалари амалга ошириб келинаётганини, ўзбек маданияти ва санъатининг атоқли намояндалари Бокуда кўп маротаба бўлиб, маданий тадбирларда қатнашишгани, ўзбек санъатшунослари илмий алмашинув, малака ошириш дастурларида фаол иштирок этаётганини таъкидлаб ўтди. Озарбайжон тасвирий санъати ривожида мустаҳкам ўринга эга бўлган Чингиз Фарзалиевнинг бугунги ташрифи ҳам дўстона алоқаларнинг амалдаги ёрқин ифодаси эканини қайд этди.

Ўз навбатида меҳмон ҳам қардош Ўзбекистонга келганидан, меҳмондўст ўзбек халқининг ижодкор вакиллари билан бир даврада бўлганидан, самимий қабулдан мамнун эканлигини билдирди, санъат соҳасидаги алоқалар янада ривожланиши тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари уйғун икки қардош халқ манфаатига хизмат қилишини айтиб ўтди.

Ч.Фарзалиев 2010 йилдан бери буён Озарбайжон Миллий санъат музейига раҳбарлик қилмоқда. Тасвирий санъат соҳасига оид 50 дан ортиқ асарлар муаллифи. «Натюрморт ҳақида ҳамма нарса” (2004), «Портрет ҳақида ҳамма нарса» (2005),»Манзара ҳақида ҳамма нарса»(2006), «Озарбайжоннинг рангтасвир антологияси»(2007), «Oзарбайжон давлат санъат музейи” (2010), «Озарбайжон халқ санъати» (2013) китоблари шулар жумласидан. Mаданият ва санъат соҳасидаги хизматлари учун давлат мукофотлари, кўплаб халқаро фахрий ва бошқа унвонлар билан тақдирланган. Ч.Фарзалиев Ўзбекистон Бадиий академиясининг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фахрий профессори ҳамдир.

Тадбирда Ч.Фарзалиев Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нурга Озарбайжон давлат Бадиий академияси фахрий профессори дипломи ҳамда Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги хотира нишонини топширди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур профессор Чингиз Фарзалиевни Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш медали билан тақдирлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.