loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Олтин куз жилвалари

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида рассом Валерий Кузнецовнинг “Олтин куз” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазмага муаллифнинг рангтасвирда ишланган 60 га яқин ишлари қўйилган.

1959 йили Тошкент шаҳрида туғилган Валерий Кузнецов 27 та халқаро ва республика миқёсидаги кўргазмалар иштирокчиси. “Россия – Ўзбекистон маданий ҳамкорлиги” лойиҳаси доирасидаги шахсий кўргазмаси учун Ўзбекистондаги Россия ҳамкорлик ваколатхонасининг дипломи, “Ўзбекистон ва Украина – рассомлар нигоҳида” номли кўргазмада Ўзбекистон Бадиий академияси дипломи, жорий йилда Ўзбекистон Давлат санъат музейи, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Ташаккурнома”лари билан тақдирланган.

2016 йилда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси бўлган рассом ўтган йиллар мобайнида 200 дан ортиқ асарлар яратди. Рассом табиатни жуда яхши кўради, айниқса кузни. Ижодидаги талайгина асарлар куз фасли билан боғлиқ. Унинг эътиборидан ҳеч нарса қолмайди. Кузнинг бошланиши-ю, то тугашигача жараённи синчковлик билан кузатади ва уни полотноларга муҳрлайди.

Валерий Кузнецовнинг бошқа рассомлар ижодидан фарқи – фақат табиат ёки инсон эмас, балки улар орасидаги боғлиқликни маҳорат билан тасвирлайди. Унинг “Куз палитраси”, “Куз наволари”, “Чорвоқ устидаги балиқчи қушлар” асарлари, шу билан бирга Бўзсув дарёси бўйидаги ҳолатлар акс этган 10 дан ортиқ асарларида бунга гувоҳ бўламиз.

Юртимизнинг олтин куз фаслига бағишланган мазкур кўргазма 30 ноябрга қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.