loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Олти қиз». Сўз ва тасвир

Қорақалпоқ адабиётининг йирик вакили Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақ ижодидан баҳраманд бўлмаган ўқувчи бўлмаса керак. Бердақ 1827 йили Мўйноқ туманининг Оққалъа овулида туғилиб, 1900 йили вафот этган.

Бердақ – қорақалпоқ адабиётининг асосчиси. Тўғри, у Кунхўжа, Ажинияз, Жиян жировнинг муносиб шогирди ҳисоблансада, 20 мингдан ортиқ мисраларни достону, шеърларга тизиб, қорақалпоқ мумтоз адабиётига улкан ҳисса қўшган шоир. Бердақ ижодиёти ўз замонаси, халқ дарди, орзу-умидларини шеърий мисраларга жо этган. Шоирнинг ижоди бугун адабиёт вакилларига чинакам мактаб вазифасини ўтамоқда. Бердақ ва унинг бой ижодий мероси нафақат адабиёт ихлосмандларини ўзига ром этди, балки тасвирий санъат олами вакилларига ижодий илҳом бағишлаб келмоқда, десам ҳеч ҳам муболаға бўлмаса керак.

Қорақалпоқ тасвирий санъатида Бердақ ижодини  рангларга кўчирган кўплаб рассомлар бор. Базарбай Серекеев, Муратбек Худайбергенов, Сарсенбай Байбосинов, Барлиқбай Айтмуратов, Ажинияз Худайбергеновларнинг асарларида айниқса, Бердақ шеърияти нафис чизгиларда намоён бўлган.

Келинг, бугун биз сиз билан Бердақнинг “Олти қиз” номли шеърини рангтасвир асарлардаги талқини ҳақида сўзлашсак. “Олти қиз” номли шеър ҳақида жуда кўпчилик билса керак. Унда нўноқ аравакашнинг нотавонлиги оқибатида араванинг жарликка қулаши ҳақида сўз боради. Шеърни мутолаа қилган инсон агар рассом асарлари орасида “Олти қиз”га бағишланган асарга кўзи тушиб қолса, ҳеч муболағасиз олти қизнинг тақдиридан сўз очадилар. Картинадаги бадиий образларни шеърият билан уйғунлаштириб, эстетик завқ оладилар. Мен “Олти қиз” шеърини ўқиб чиқмасимдан бурун, илк маротаба рангтасвир асар билан танишган эдим. Бердақ номидаги қорақалпоқ адабиёти давлат музейи (аввалги номи Бердақ миллий музейи) нинг учинчи қаватида Қорақалпоғистон халқ рассоми Барлиқбай Айтмуратовнинг Бердақ ижодига бағишланган деворий сурати бор. Асар 2000 йили музей очилиши арафасида давлат буюртмаси асосида яратилган. Асар марказида Бердақ образи ва уни қуршаб олган асарлари бирма-бир кўз олдингизда кино тасмасидай гавдалана бошлайди. “Аҳмоқ пошшо”, “Айдосбий” ва “Олти қиз”, “Амангельди” сингари миллийлик тароватини улашган ранглар билан безатилган деворий сурат музейнинг бадиий қийматини ошириб, томошабинни адабий муҳитга олиб киради. Рассомнинг билими, бой тажрибаси авлодларга адабиёт ва тасвириёт гормонияси ила яратилган ўлмас асарни туҳфа этди.

“Олти қиз” номли рангтасвир асарлардан яна бири қорақалпоқ тасвирий санъатига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш рассом Ажинияз Қудайбергенов ижодида ҳам учрайди. Ажинияз ўз ижод намуналарини яратишда адабиётга, Бердақ шеърларига тез-тез мурожаат қилади. Бир китобда ўқигандим. Дунёда энг кучли театр саҳнаси бу инсоннинг мияси экан. Унинг дунёқараши қанчалик бой ва теран бўлса, фикрлаши, тафаккури ҳам шунчалик кенг бўларкан. Бу эса ўз навбатида китоб мутолааси билан боғлиқ жараён. Ажинияз ҳаёлотида жам бўлган театр эса бошқа рассомлардан фарқли равишда, декоратив услубда матони қучади. Бунинг замирида эса рассомнинг адабиётга чексиз меҳри мужассам. 2017 йилда яратилган “Олти қиз” рангтасвир асари мато, мойбўёқда ишланган бўлиб, 45х60 ҳажмга эга. Ҳозирда бу асар Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройи фондининг нодир асарлар туркумидан ўрин олган. Асарни томоша қилган инсонда ботиний туйғулар титроғини ҳис этмай қолмайсиз. Сабаби асар қаршингизда илоҳийлашиб, аравада ўтирган олти қиз фаришталар сиймосида нур таратаётгандек бўлаверади. Бу нур орқали рассом орзулари осмон қизлар армон билан бу дунёни тарк этишгани ҳақида сўзламоқчи бўлади. Агар диққат билан разм солсангиз, қизларнинг пичир-пичир овозини ҳам эшитасиз. Рассомнинг маҳорати ҳам айнан мана шунда: асардаги образларга динамика тақдим эта олган ва томошабинга мудҳиш фожеадан гўзал тасвир орқали сўз очмоқда. Қизил, кўк, қора рангларнинг умумий гаммаси асар “ҳаво”сини ҳис этишингизга кўмак беради.

Бибиайим, Гулайим, Моҳийда, Арухон, Гулимхан, Равшан, Меҳрихон, Қўшимбат тоз (Қўсимбет кал) – булар шеърнинг қаҳрамонлари. Аравакаш Қўшимбат тоз бошчилигида тўйга кетаётган қизлар шоирнинг таърифича ҳушчақчақ, ўйин кулгу билан йўлга отланган бўлишади. Қорақалпоқ миллий урф-одатларига кўра, Хайит маъракага йўл олган қизларга янгалар бошчилик қилар эканлар. Бердақ шоир ҳам шеърида қадриятларни тараннум этиб, Гулайим образини миллийлаштиради. Қорақалпоғистонлик рассомлар томонидан дунёга келган асарларда ҳам янга образи миллий либосга бурканган ёши каттароқ аёл сиймоси билан ифода этилган. Барлиқбай Айтмуратовнинг деворий асарида “Гулайим янга” ўйчан тасвирланади. Ажинияз асарида эса “янга” аравакашга мурожаат этаётгандек таассурот қолдиради.

Қўшимбат тоз образи ҳақида эса шоирнинг ўзи шундай таъриф беради:

Арва ҳайдаган Қўшимбат тоз,

Тентакликда ақли ҳам оз.

Рассом асарларида Қўшимбат тоз енгилтак аравакашни эслатади. Сарсенбай Байбосинов эркакни эшак устида кетаётган кал образида, гўё унинг фахми йўқ дегандек, рангтасвирнинг пуантилист услубида асарини яратди. Шу ўринда, пуантилист услуби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам. Пуантилизм услубидаги асарлар нуқтали рангтасвир асарларига нисбатан ишлатилади. Асарда нуқталар бир-бирига яқин ҳолда, тўртбурчак, думалоқ ёки бироз чўзилган ҳолда матога тасвир туширилади. Асардан узоқлашганингиз сайин асардаги нуқталар бир-бирига уйғунлашганин кўрасиз. Ижодий услубни франциялик Жорж Сёра ихтиро қилган. Бундай полотноларда одатда ёрқин, тоза ранглар фойдаланилади.

Бердақ шоирнинг бу шеъри ўз даврида муҳим воқелик саналган, десам адашмаган бўламан. Олти қиз ва Қўсимбет кал орқали шоир инсоннинг ҳар қандай ножўя ҳаракати бутун бир халқнинг умрига зомин бўлиши мумкинлигини куйлайди. Олти қиз асосий ролларда бўлсада, Қўсимбет калнинг енгилтаклиги оқибатида араваю, аравадаги йўловчиларни ҳам жарликка бошлагани билан якун топади. Шоир ўз шеърида буни қуйидагича баён этади:

Ёмон арва бориб-қайтиб,

Қизларни бежо қўзгатиб,

Жалатой тоз қўшиқ айтиб,

Йўлсиз юриб кетган экан.

Ва шеърни қуйидагича тугаллайди:

Кимларнинг кетиб есири,

Йигитчиликнинг асари,

Жалатой тознинг касири

 Шул қизларга теккан экан.

 

Шоҳиста Абдурахманова, санъатшунос

 

 

 

 

Академия Художеств Узбекистана 
© 2019. Все права защищены.
При использовании материалов веб-сайта, ссылка на источник обязательна.