loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Очилмаган тилсим

Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида таниқли рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Бахтиёр Маҳкамовнинг «Очилмаган тилсим» номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Рассом ижоди серқирра ва ўзгача индивидуаллиги билан ажралиб туради. Унинг натюрморт, портрет, манзара жанридаги асарларида фалсафий маъноларга бой тасвирлар намоён бўлади.

Кўргазмадаги асарларида ўзига хос анаъанавий чизгиси, ўз услуби ва фалсафий-эстетик образлар дунёси акс этилган. Уларда ўзгача сирлилик, нозиклик, нафислик, сокинлик мавжуд. Унинг асарларида оддийгина натюрмортда ҳам шарқнинг нозиклигини, яширин сирларга бойлиги ва чуқур мушоҳадага чорловчи фалсафа борлигини кўриш мумкин.

Айниқса, рассомнинг дунёқарашидаги нозик шоирона нигоҳи асарга янада жозиба бағишлайди. Б.Маҳкамов ижодида шеърият, мусиқа ва тасвирий санъат каби санъат турлари қоришиб кетгандек туюлади. Асарни кузатар экансиз, гўёки шоирнинг ички ижодий ғояси ранглар жамланмасида матоларда ўз аксини топгандек, гўё унда сокин мусиқа оҳанги таралаётгандек бўлади.
 
Б.Маҳкамовнинг ранглар палитраси жилосининг маънодорлигига ва бўёқлар мутаносиблигига алоҳида эътиборни тортади. Монохром колоритда асосан жигарранг, қизғиш, оқиш бўёқ устувор бўлиб, шарқона муҳитдаги замин руҳи сезилиб туради.
 
Рассомнинг яна бир эътиборли жиҳати тасвирий полотноларида график усулларидан фойдаланиб, рангтасвирга мурожаат қилган. Асарда “реалистик” кўринишда фалсафий тафаккур теранлиги, ажойиб пластик усули ва фалсафий хусусиятлари билан ажралиб туради.
Кўргазмада Ғилон қишлоғида яратилган асарлар ҳам тақдим этилган. Унда серқуёш ўлкамизнинг гўзал манзаралари ва сўлим гўшаси нафис кўринишда намоён бўлган.
 
Бахтиёр Маҳкамов истеъдодининг яна бир қирраси бу педагогик фаолиятидир. 15 йилдан зиёд П.Беньков номидаги рассомлик билим юртида таълим берибгина қолмай, К.Беҳзод Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам бўлғуси рассомларга санъат сирларидан сабоқ бериб келмоқда.

Б.Маҳкамов 1958 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1977 йил П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртини, 1984 йилда Тошкент Давлат театр ва рассомлик институтининг дастгоҳли рангтасвир бўлимини тамомлаган. 1993 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

1985 йилдан бери кўплаб махалий ва халқаро кўргазмалар иштирокчиси. Жумладан, Англия, Ғарбий Германия, АҚШ, Қозоғистон, Белгия ва Хитой каби мамлакатларида 50 дан ортиқ халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.

Бахтиёр Маҳкамов П.Беньков номидаги рассомлик билим юртининг 100 йиллиги муносабати билан юксак ижоди учун Ўзбекистон Бадиий Академиясининг олтин медали ҳамда Қозоғистон Республикаси рассомлар уюшмаси томонидан Биенналеда иштироки учун олтин медаль билан тақдирланган.

Муаллифнинг  30 га яқин асарлари ўрин олган ушбу кўргазма шу йилнинг 3 март кунига қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.