loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассомлик маҳорат устахонаси биринчи қалдирғочлари

Ўзбекистон Бадиий академиясида Бадиий академия ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси)ни муваффақиятли тамомлаган илк битирувчиларга битирганлик тўғрисидаги сертификатларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда тасвирий ва амалий санъат соҳасининг етук вакиллари, ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур очиб берди.

“Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган маърифий ислоҳотлар жараёнида миллий тасвирий ва амалий санъатимизни юксалтириш ва мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хабарингиз бор, яқинда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилиши ҳамда маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинишини айтиб ўтдилар. Бу, биз рассом-ижодкорларни беҳад мамнун этди. Бадиий академия ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси ташкил этилгани ҳам давлатимиз раҳбарининг соҳага бўлган эътиборининг амалий ифодасидир. Икки йил мобайнида барча шароитлар мужассам устахоналарда билимларингизни мустаҳкамлаш баробарида эркин ижод билан шуғулланиш, бадиий салоҳиятни оширишга имконингиз бўлди. Бу даврда шахсий кўргазмаларингиз учун ҳам кенг имкониятлар яратиб берилди. Эндиликда тасвирий санъатимиз тараққиёти йўлида ижодий фаол бўлиш, нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам кенг кўламдаги кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш йўлида астойдил хизмат қилишингизни кутиб қоламиз. Келгусида ҳам бу борада яхши режаларни амалга оширамиз», деди Акмал Нур.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий тасвирий ва амалий санъатимиз истиқболини белгилаб берган ҳужжат бўлди.
2020 йил 15 декабрь куни Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академиси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Маҳорат устахоналарига истеъдодли ёшларни саралаб олишда танлов эълон қилинди ва республика миқёсида 10 нафар муносиб иқтидорлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо таниқли рассомлар, академиклар, соҳа дарғалари иштирокида танланди. 2022 йил январидан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолият бошлади.

Олий рассомлик курсида 10 нафар стажёр-тадқиқотчи ўқиб, ўзига бириктирилган ижод устахонасида ижодий раҳбар қўли остида билим ва тажрибаларини орттиришди.

Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси)ни илк битирувчилари фаолият даврида (рангтасвир, миниатюра ва графика йўналишларида) жами 300 га яқин бадиий асар яратишди. Ўз ижодий асарлари билан Республика ва халқаро кўргазма, биенналелар доирасида шахсий ва гуруҳ кўргазмаларини намойиш этдилар. Шунингдек, улар мўйқаламига мансуб бадиий асарлар халқаро миқёсдаги альбом, монография ва каталогларга киритилди. Бундан ташқари, хорижий ижодий сафарларда бўлиб, жаҳон музейларида сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ рассомлари, Бадиий академия академиклари Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов сертификатни қўлга олган ёш истеъдодларга янги ижодий муваффақиятлар тилашди.

Тадир якунида сўз олган битирувчи рассомлар Рассомлик маҳорат устахонасида устозлардан олган сабоқлари унутилмас мактаб бўлганини таъкидлаб, ўз дил сўзларини изҳор этишди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.