Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан устоз рассом, мураббий Маҳмуд Ахмедовнинг «Мусиқа ва ранглар жилоси» номли шахсий кўргазмаси очилди.Маҳмуд Ахмедов ўтган аср 70-йилларида ўзбек рассомлари жамоасига қўшилган. 1972 йилдан бери турли кўргазмаларда фаол иштирок этиб келмоқда. 1974-1979 йилларда республикамизнинг қатор йирик объектлари, жумладан «Зарафшон» ресторани (В.Бурмакин, К.Талдикин билан биргаликда) , «Меҳнат захиралари» стадиони сузиш ҳавзаси, «Пахтакор» метро бекати, «Чинор» кафеси, Бектемир туманидаги Пахтачилик илмий-тадқиқот институти, Тошкент автодроми монументал дизайнида фаол иштирок этган. Жорий йилда 85 ёшни қаршилаган устоз М.Ахмедов 1969 йилдан бери Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати (аввалги Республика махсус мусиқа ва санъат мактаб-интернати)да дарс бериб келмоқда. 1998 йилда М.Ахмедов «Шуҳрат» медали, 2012 йилда таваллудининг 75 йиллиги ҳамда ижодий фаолиятининг 45 йиллиги муносабати билан Бадиий академиянинг олтин медали билан тақдирланган. Бугунги кўргазмада рассом-мураббийнинг манзара ва натюрморт жанрларидаги ёрқин асарлари санъат шайдолари ҳукмига ҳавола этилди. Самимийлик, она юртга, табиатга муҳаббат – рассом асарларининг ўзига хос белгиларидир.