loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

II “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ва “Халқаро кулолчилик форуми” ўтказилади.

АХБОРОТ ХАТИ

 

Жорий йилнинг 21-23 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида II “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида “Халқаро кулолчилик форуми” ўтказилади.  

Мазкур халқаро тадбир халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишда турли халқлар ўртасида тажриба алмашиш, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, маданий алоқаларни халқаро миқёсда кенгайтириш, ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида ўтказилмоқда.  

“Ҳунарманд” уюшмаси томонидан Иккинчи “Халқаро ҳунармандчилик” фестивали веб-сайтини уч (ўзбек, рус, инглиз) тилларида http://handicrafters.uz яратилди. Веб-сайтда фестиваль, миллий ҳунармандчилик, ҳунармандлар, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳунармандчилик маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилди.

Шунингдек, юқорида қайд этилганидек, Иккинчи “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида “Халқаро кулолчилик форуми” ўтказилади. “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан форум расмий веб-сайти http://ceramicforum.uz яратилди ва ушбу сайт орқали форумда иштирок этишни истаган кулоллар, соҳа олимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ариза бериб иштирок этиш истагини билдирди.  

Кулолчилик форуми доирасида илмий-амалий конференция, кўрик-танлов, тақдимот ва намойишлар, кўргазма-савдолар, театрлашган концерт-томоша дастурлари, маданий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган кулолчилик мактабларининг машҳур халқ амалий санъати усталари томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади. Кулоллар ва бошқа ҳунармандларга шогирд тушмоқчи бўлган ёш ҳаваскорлар тадбирларда иштирок этиб, лойдан кулолчилик маҳсулотларини ясаши, уларга нақш бериши, пишитиш жараёнларида бевосита иштирок этишлари мумкин.  

Сизларни ушбу нуфузли халқаро тадбирда меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф қиламиз.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.