loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Самарқандда Тожикистон тасвирий санъат намояндаларининг кўргазмаси очилди.

27 август куни Самарқанд шаҳрида, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими галереяси (Ўсматбой мадрасаси)да Тожикистон тасвирий санъат вакилларининг “Дўстлик дарахтини эк. Устоз ва шогирд. Кундал” номли кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазма Тожикистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Тожикистон маданият вазирлиги, Тожикистон давлат тасвирий санъат ва дизайн институти ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Тожикистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмухамедов, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаев иштирок этиб, сўзга чиқди.

Сўзга чиққанлар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли, аждодлар анъанасига хос ҳолда, халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамланаётганини таъкидлашди.

Ўзбек ва тожик – икки тильда сўзлашувчи бир халқ, деб айтишганидек, тасвирий санъатда ҳам уларни миллий анъаналар, ёрқин ва бетакрор ранглар уйғунлиги бирлаштириб туради.

2022 йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Бадиий академиясида Тожикистон санъат ва маданият арбоблари, ижодкорлар жамоаси иштирокида ўзбек-тожик халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ижодий мулоқотни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Тожикистон Рассомлар уюшмасининг ҳамкорлик битими имзоланган эди. Ташриф доирасида Тошкент фотосуратлар уйида тожикистонлик рассомларининг кўргазмаси тақдим этилди.

Мазкур Меморандум ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш, ижодий фаолият юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.

Самарқандда очилган кўргазма мазкур ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда Тожикистон тасвирий санъат вакилларининг қадимий кундал санъатига оид 80 дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.