loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Сеул шаҳрида буюк бобомиз Алишер Навоийга бюст ўрнатилди

Башариятнинг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарорига мувофиқ, улуғ шоирнинг адабий-илмий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан Сеул шаҳрида Навоийга ёдгорлик ўрнатиш режалаштирилган эди.

Жорий йил 5 декабрь куни улуғ шоир ва мутафаккир бобомизнинг бюсти Сеул шаҳрининг йирик Сочо тумани “Seocho-dong 1498-4” кўчасида йўлнинг юзида жойлашган кичик дам олиш масканига ўрнатилди.

Ёдгорлик гавжум чорраҳада жойлашган бўлиб, рўпарада Корея Республикаси Олий суди ва Олий прокуратураси биноси қад ростлаган. Атрофда аҳоли истиқомат қиладиган замонавий кўп қаватли бинолар (Seocho Avenue), савдо маркази (Lotte Mart) ҳамда тиббиёт муассасаси. Хиёбон ёнида кутубхона фаолият юритмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мазкур ёдгорлик жорий йил 14 июль куни Тошкент шаҳри Миробод тумани ҳамда Сеул шаҳри Сочо тумани ўртасида имзоланган “Ҳамкорлик ва дўстлик муносабатини йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув Баённомаси” асосида ўрнатилди.

 

Мазкур келишувга мувофиқ, 2022 йил Тошкент шаҳридаги “Сеул боғи”да корейс алифбоси асосчиси қирол Сежонг ҳайкалини барпо этиш ҳам режалаштирилган.

Улуғ бобомиз тимсоли Жанубий Кореяда ёдгорлик ва ҳайкаллар яратиш бўйича етакчи саналган «Malong Company» томонидан Навоий шахсиятининг муҳим тарихий аҳамиятини инобатга олиб, замонавий услубдан фойдаланган ҳолда яратилди.

Бюстнинг умумий узунлиги 2,8 метр, баландлиги 80 сантиметр, мармар устун 1,8 метр, тагкурси 20 сантиметр. Бронзадан ясалган бюстга тилласимон ранг берилган. Устун ва тагкурси Жанубий Америкадан келтирилган оқ мармардан ясалган. Мармар устунга “Alisher Navoi” сўзи инглиз тилида, “Ўзбекистоннинг буюк қаҳрамони, туркий тилли адабиёт даҳоси” жумласи корейс тилида ёзилган.

Ёдгорликни Сеулда ўрнатиш билан боғлиқ барча харажат Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси томонидан қопланди.

Ушбу санъат асарининг ташқи кўриниши бўйича Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси хулосаси олиниб, муассаса мутахассислари томонидан юқори баҳоланди.

ЎзА

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.