loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Соғинч

Тошкент фотосуратлар уйида  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом  Аслиддин Калоновнинг “Соғинч” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.          

Кўргазмада рассомнинг рангтасвир, акварель ва графика техникасида ишланган 70 га яқин ишлари намойиш этилмоқда.

Аслиддин Калоновнинг рангтасвир асарлари композицияси ва мавзунинг талқини билан томошабин эътиборини тортади. Унинг мойбўёқда ишланган бундай асарларида аксарият ҳолларда мавзу бир полотнодан иккинчисига кўчганча давом эттирилади. Давомийлик туркумни бирлаштириб, мавзуни мукаммалроқ ифодалашга хизмат қилади. Рассомнинг композиция мавзусини турғун ҳолатда очиб бериши, кишини мушоҳадага ундайди. Кўпинча сюжет маъносини очиб бериш қуш, мушук, ойна, эшик, равоқ, кўза сингари иккиламчи унсурга юклатилади: “Йўл” (“Ҳаёт ойнаси” туркумидан), “Хотира”, “Соғинч”, Ҳаёт аксиомаси” (туркум). Гўё фоний ҳаётнинг ўткинчи дақиқалари кузгуда бир акс этади-ю сўнади: “Хотира ойнасидаги акс”, “Қайтиш”.

Кўргазмада намойиш этилаётган асарлар орасида сувбўёқ (акварель) техникасида ишланганлари кўпчиликни ташкил этади. Бунда мусаввир ушбу техникага хос, яъни рангларнинг елгил, шаффоф берилиши, сюжетни тўйинган ҳаво ёрдамида янада ёрқинроқ талқин этилиши сингари жиҳатларларини маҳорат билан кўрсатади. Денгиз тўлқинлари, енгил шабада эсаётгани, беғубор қор, ёмғир томчилари акварель асарларга сингиб, асар моҳиятини сўзлаб туради. Улардан “Каспий денгизи чайкалари”, “Ўрмонда қор ёғмоқда”, “Олтин куз”, “Нуротага йўл”, “Невский шоҳкўчаси. Санкт-Петербург” сингари картиналар алоҳида аҳамият касб этади.

Булардан ташқари кўргазма экспозициясидан А.Калоновнинг графика техникасида, асосан, оқ-қора рангда туш ва перо ёрдамида шакллантирилган асарлари ҳам жой олган. Улар орасида аралаш техникада ишланган графика ишлари ҳам бор, албатта. Рассомнинг графика ишларида қора ранг, чизиқлар, нур ва соя ўйини етакчилик қилади. Турли мавзулар биргина қора ранг ёрдамида очиб берилади: “Кексалик”, “Ёлғиз одам”, “Ўсмирлик сўнгги”, “Хотира”…

Муаллиф ҳақида:

1960 й. – Самарқандда туғилган.

1976 – 1980 йй. П.П.Беньков номидаги Республика  рассомлик билим юртида таҳсил олган.

1980 – 1988 йй. А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтида ўқиган.

1988 – 1990йй. “Сенеж” ижод  уйи (Москва)да малака оширган.

1992 – 1996 йй. “ Ёшлик” журналида бадиий муҳаррир бўлиб ишлаган.

1997 й. –  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

1994, 1998, 2004, 2015, 2017 йй.  – Тошкент ва Самарқандда шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган.

2009, 2011, 2013, 2018  йй.  – Тошкент Биеналеси иштирокчиси.

2019 йилда “ Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

2011 йилдан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Китоб графикаси ва миниатюра” кафедрасида ишлаб келмоқда, ҳозирда профессор.

Устозлари : Александр Ли, Эркин Ахунов, Саъдулла Абдуллаев, Валерий Ковинин, Виктор Апухтин, Раис Абдулгалимов, Қутлуғ Башаров.

 

Мазкур кўргазма  шу йилнинг 14 февралига қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.