loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Соҳир қалам мўъжизаси

Ёзма манбалар – инсон тасаввури маҳсули. Унинг таъсир  доираси  кенг. Бу соҳада қалам тебратган ижодкорларнинг асарлари йиллар, асрлар ўтса-да эскирмайди, аксинча, қайта-қайта уларга мурожаат қилиш кишини илҳомлантиради.

Ўзбек мумтоз адабиётига улкан ҳисса қўшган сиймолардан бири Низомиддин мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги ва Камолиддин Беҳзод таваллудининг 567 йиллиги муносабати билан  17 февраль куни Ўзбекистон Бадиий Академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ва Ўзбекистон Ҳунарманд уюшмаси билан ҳамкорликда Соҳир қалам мўжизаси номли хаттотлик асарларидан иборат кўргазма ташкил этилди.

Халқимиз маънавий дунёсининг юксалишига улкан ҳисса қўшган бу буюк шахслар –ўз ижодлари давомида котиблар ва хаттотлар хусусида, шунингдек замондош хаттотлари ҳақида ҳам қимматли маълумотларни берганлар. Улар ҳуснихат ва саводхонлик кишига маънавий кўрк бағишлаши, иззат ва ҳурмат келтиришини қайта-қайта таъкидлаганлар. 

Хаттотлик – қадим Шарқ саньатининг беҳад камол топган турларидан бири ҳисобланган бўлиб фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Ўрта Осиё хаттотлик саньатининг эса бой тарихи бор. XIV–XV асрларда ўлкамиз китобат санъатининг равнақи беқиёс бўлди. Бу даврларда дунёда китоб чоп этадиган босмахоналар мавжуд бўлмаганлиги учун ҳам, айниқса, Шарқда хаттотлик санъатига қизиқиш ҳамда хаттотларга эҳтиёж ниҳоятда катта бўлган.   

Хаттотлик арабча – ҳуснихат ёзувчи деган маънони билдириб, ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмларнинг китобаларини яратиш касбини англатади. Ёзувнинг пайдо бўлиши натижасида юзага келган бўлиб, айниқса, араб ёзувининг кенг тарқалиши туфайли Хаттотликнинг ривожланиши жадаллашди. Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган.         Адабиёт ва илм аҳли яратган бебаҳо асарлар котиблар меҳнатининг шарофати билан бизгача етиб келди.

Хаттотлик асарларидан ташкил топган “Соҳир қалам мўъжизаси” номли кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон Ҳунарманд уюшмаси аъзолари – Бадалбоев Салимжон, Лутфуллаев Хайрулла, Сотиболдиева Насиба, Маматов Ислом, Турсуналиев Низомжон, Шокиров Абдуллоҳ, Абдуқаюмов Абдураҳмон, Олимбоев Ҳикматуллоҳ, Шукриддинов Баҳром, Бахтиёрова Рахима, Мухторов Асрор, Юсупов Шовкат, Хуррамова Ўралтош, Тураев Жалви, Убайдуллаев Хайрулло, Жўрабоев Бегзод, Исломова Нафиса, Тохирова Мағфират, Бойназарова Омина, Шоюнусов Абдурашид каби ижодкорларнинг асарлари намойиш этилмоқда.

Кўргазмада 50 дан ортиқ асарлар ўрин олган бўлиб, мазкур асарлар томошабин тафаккурини юксалтириш учун хизмат қилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.