loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

С.Субҳонов кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Бадиий академиясининг «Академия» галереясида рассом Сайфулло Субҳонов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган кўргазма очилди.Кўргазмада рассом устахонасидан саралаб олинган 50 дан ортиқ бадиий асарлари томошабин эътиборига илк бор намойиш этилмоқда. ХХ асрнинг 1960–1980 йилларида Ўзбекистон тасвирий санъатига «Муштум» журнали саҳифалари орқали кириб келган рассом ижоди бугунги кунда ҳам муштарийлар ва мухлислар эътиборида.

Cайфулла Субҳонов 1942 йил 19 июль Бухорода таваллуд топган. Рассомликка бўлган муҳаббат болакайда эрта пайдо бўлди. 1960-йилларида рассом Бухоро шаҳарда «мўйқалам устаси» деган номга сазовор бўлади. Ўзининг ноодатий ифода тилига эга C.Субҳонов ижоди бадиий тафаккур, миллий-романтик, мушоҳадаларга эга.

С.Субҳонов асосан график рассом бўлишига қарамай лекин унинг айрим манзаралари рассомнинг табиат кўринишларидаги турли-туман ўзгаришлар, ҳолатлар ва ҳодисаларни чуқур илғаб олувчи рассом эканлигини кўрсатади.Рассом асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам сақланмоқда.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Бадиий академиянинг анжуманлар залида рассом Сайфулло Субҳонов ижодига бағишланган каталог тақдимоти бўлиб ўтди.Ўзбекистон Бадиий академияси академик рассомлари, санъатшунослар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда С.Субҳоновнинг ижодий мероси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.