loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тасаввур ва тасвир

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги  Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати Миниатюра фани ўқитувчиси Ҳусан Тошбоев ва унинг шогирдлари иштирокида миниатюра асарларидан иборат  “Тасаввур ва тасвир” номли кўргазма ташкил этилди.

Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ҳозирги кунда дастгоҳли рангтасвир, интерьер дизайни, ҳайкалтарошлик, ёғоч ўймакорлиги,  гобелен, каштачилик, бадиий наққошлик, бадиий кулолчилик, рангтасвир ва амалий санъат асарларини қайта тиклаш йўналишлари, либос дизайнерлиги  йўналиши бўйича 400 нафарга яқин иқтидорли ўқувчилар таҳсил олади. Мактаб-интернет ўқувчилари вилоят, республика, халқаро миқёсдаги фестиваллар, кўргазмалар ва танловларда фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида бадиий миниатюра йўналиши ўзига хос ўринга эга. Тасвирий санъатнинг алоҳида тури сифатида бу йўналиш ижодкордан катта маҳорат ва профессионаллик талаб этади, чизма қанчалик нафис ва ёрқин бўлса, миниатюра шунчалик юқори баҳоланиб, муаллифнинг юксак касбий маҳоратининг даражасини билдиради. Шунингдек, миниатюра яратиш жуда мураккаб ва кўп вақт талаб қиладиган жараён бўлганлиги сабаб, у матонат, катта сабр-тоқат, мустаҳкам қўл, ўткир нигоҳ ҳамда бой тасаввурни талаб қилади. Кўргазма ўз тасаввурларини чизгилар орқали тасвирларда ифодалаган Ўзбекистон Бадиий Академияси Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати Миниатюра фани ўқитувчиси Тошбоев Ҳусан Бахтиёрович ва унинг шогирдларининг асарларидан ташкил топган.    

Ҳ.Тошбоев ижодини 1997 йил Гулистон санъат билим юрти “Безакчи рассом” бўлимида ўқиш жараёнида бошлаган. 2006 йил Гулистон давлат университети “Тасвирий санъат ва мухандислик графикаси” таълим йўналиши, 2008 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Хаттотлик ва миниатюра” таълим йўналиши магистратурасини тамомлаган. 2016 йилда Украина давлати Переяслав-Хмельнецкий шаҳрида 26-ҳалқаро илмий амалий анжуманда “Амир Темур ва Темурийлар даврида Моварауннаҳр тасвирий санъат усталари” ҳамда “Анъанавий миниатюра санъатида замонавийлик ёшлар нигоҳида”  тадбирларида асарлари билан фаол иштирок этган. Ҳ.Тошбоев Республика ва вилоят тасвирий санъат кўргазмалари ва кўрик-танловларида иштирок этиб, сертификат ва дипломлар билан тақдирланган.

Кўргазмада унинг шогирдлари, ўқувчилари Саидқулов Шохжахон, Абдуназаров Нуриддин, Шербеков Нурсаид, Эргашева Маликаларнинг ижод намуналари намойиш этиляпти. Улар ўз устозлари раҳбарлигида доимо янгиликка интилиб, ўз маҳоратларини ривожлантирмоқдалар ва шу билан бирга, янги шаклларга эга бўлган анъаналарни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар. 

50 дан ортиқ асарлар намойиш этилаётган кўргазма 12 апрелгача давом этади. 

Маълумот учун телефон: (71) 256-28-32                                                                                      

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.