loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тасвирий санъат галереясида кўргазма

Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси бир неча йилдирки «5+1» гуруҳининг актуал санъатни ўзида акс эттирувчи кўргазмасини ўтказиб келмоқда.«5+1» гуруҳи 2007 йил Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси қошида галерея ходимларидан ташкил этилган эди. Ўша вақтда гуруҳ таркибига Шерзод Ражамов, Диёр Розиқов, Шарифа Шарафходжаева, Нуриддин Расулов, Санжар Жаббаров ва ҳар йили ўзгариб турувчи бир санъатшунос кирган.Шуни эътиборга олиш муҳимки, галерея раҳбарияти ёш рассомларнинг ижодий потенциалларини юксалтиришларига кенг имкониятлар яратиш билан бир қаторда уларнинг энг дадил изланишлар учун макон ажратади. Ўтган давр ичида ижодий гуруҳ томонидан “Вертикаль”, “Зепзиз”, «Спектр». «Маятник», «Магнит» номли қатор кўргазмалар уюштирилди.

Кўргазманинг асосий мақсади қатнашчиларга бугунги кун замонавий санъати доирасида ижод қилиш учун ва ўз истеъдоди потенциалини очиб беришга имкон яратишдир. Шунингдек эса, ўзгариб бораётган ҳаёт оқимида ёш рассомларга санъатнинг янги тенденциялари орқали оламга бўлган ўз қарашларини ифода этишдир. Бугунги кунда гуруҳ таркиби – Диёр Розиқов, Шарифа ва Дониёр Шарофходжаев, Нуриддин Расулов, Санжар Жабборов, Уктам Саидов ва санъатшунос Сайёра Назаровалардан иборат.

Кўргазма номи –  Стан – суффикси индоевропа илдизига бориб тақалади ва форс тилида «Тўхташ жойи» замонавий талқинда эса «мамлакат» маъноларида келади. Замонавий эрон тилида “-истан” суффикси турли этник гуруҳларнинг топонимлари ва географик жойлашуви номланишида қўлланилади. У Марказий Осиё ва Ҳинд субконтинентида жойлашган ва тарихан эрон тилидан фойдаланилган мамлакат номларида ишлатилган. Масалан, “Тожикистон” маъноси “тожиклар мамлакати” дегани. Ўзбекистон ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Ҳар бир кўргазма қатнашчисининг бу мавзуга бўлган ёндашувлари эса ўзгача ва такрорланмас бўлиб, уларнинг ўз дунёқарашлари ва ҳаёт тарзларидан келиб чиқади.

Юқорида келтириб ўтилган беш нафар ижодкорлар бир муҳитда ижод этишларига қарамай уларнинг ишларида айнан ҳар бирига хос бўлган ифода мавжуд, лекин бу уларни кўргазма маконида янада бирлаштиришга имкон берди. Кўргазмада қалбни ларзага келтирувчи, ҳар бир томошабин ички дунёсига мос келувчи бир нафас борки, у инсонга бир неча лаҳза бўлсада ўзга бир ўлчамда яшашга ва бошқа тоифада фикрлашга имкон беради. Ҳар қандай экспозициянинг асосий мақсади ҳам аслида ана шундадир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.