loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тошкентда Озарбайжон Миллий санъат музейи директори, Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий хорижий академиги Чингиз Фарзалиевнинг шахсий кўргазмаси очилди

14 сентябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” номли галереясида Озарбайжон Миллий санъат музейи директори, Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий хорижий академиги Чингиз Фарзалиевнинг “Қувонч косаси” номли шахсий кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур кўргазма Озарбайжон маданият вазирлиги, Озарбайжон Миллий санъат музейи, Озарбайжон Бадиий академияси, Озарбайжон рассомлар уюшмаси, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазма Озарбайжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланди ҳамда азалий дўст ва қардош икки давлат ўртасида маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Ризоўғли Гулиев, Озарбайжон халқ рассоми, Озарбайжон рассомлар уюшмаси котиби, Озарбайжон Бадиий академияси проектори, профессор Салхаб Мамедов, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, санъатшунослик фанлари доктори Камола Оқилова, Низоми Ганжавий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори, “Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддинов , Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари- Жавлон Умарбеков, Алишер Мирзаев сўзга чиқди.

Сўзга чиққанлар ўзбек ва озар халқлари дўстлиги чуқур тарихий илдизларга эгалиги, бирдамлик алоқалари асрлардан буён давом этиб келаётгани, сўнги йилларда икки давлат раҳбарлари эътибори натижасида бу алоқлар янада мустаҳкамланиб, кўлами тобора кенгайиб бораётгани, хусусан, санъат ва маданият соҳасида бу ҳамкорлик натижалари яққол кўзга ташланаётганини, қардош озар халқининг атоқли рассоми Чингиз Фарзалиевнинг ушбу кўргазмаси мўйқалам аҳли ўртасида ижодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

Экспозицияда рассомнинг илк ва шу кунга қадар яратилган 40 га яқин ижодий ишлари ўрин олган. Чингиз Фарзалиев санъати ўзининг таъсирчан манзаралари, натюрмортлари ва фалсафиу мазмунга бойлиги билан машҳур. “Академия” галереясида намойиш этилаётган “Қувонч косаси” кўргазмаси Ч.Фарзалиевнинг узоқ йиллик ижод йўлини кузатиш ва баҳраманд бўлиш учун томошабинга ноёб имкониятдир.

Чингиз Фарзалиев 1943 йилда Бокуда туғилган. 1973 йилда В.И.Суриков номидаги Москва давлат академик санъат институти, рангтасвир факультетини тамомлаган.

Ч.Фарзалиев 2010 йилдан бери энг илғор музейлардан бўлмиш Озарбайжон Миллий санъат музейига раҳбарлик қилмоқда. Озарбайжон тасвирий санъатини ривожлантириш йўлида қилган хизматлари учун 2006 йилда “Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвони, 2018 йилда Озарбайжон шон-шуҳрат ордени билан тақдирланган. Шу билан бирга Озарбайжон Бадиий академиясининг профессори ҳамдир.

Тасвирий санъат соҳасига оид 50 дан ортиқ асарлар муаллифи. «Натюрморт ҳақида ҳамма нарса” (2004), «Портрет ҳақида ҳамма нарса» (2005),»Манзара ҳақида ҳамма нарса»(2006), «Озарбайжоннинг рангтасвир антологияси»(2007), «Oзарбайжон давлат санъат музейи” (2010), «Озарбайжон халқ санъати» (2013) китоблари шулар жумласидан.

Mаданият ва санъат соҳасидаги хизматлари учун давлат мукофотлари, кўплаб халқаро фахрий ва бошқа унвонлар билан тақдирланган. Ч.Фарзалиев Ўзбекистон Бадиий академиясининг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фахрий профессори ҳамдир.

Соҳа бўйича халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлган Фарзалиев Чингиз Абдул Мажид ўғли самарали ижодий-илмий ҳамкорлиги учун 2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш медали билан тақдирланган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.