loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Узундара – 2021

7 сентябрь куни  Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвон саройида Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган  “Узундара – 2021” экспедиция натижалари археологик кўргазма ва давра суҳбати блиб ўтди.

Кўргазмада 2021 йил қазишма жараёнида топилган 100 га яқин археологик топилмалар ҳамда экспедиция жараёнлари акс этган 39 та фотосурат ўрин олди.

Узундара қалъаси Россия Фанлар академияси Археология институти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти саъй-ҳаракатлари билан олиб борилган экспедиция натижасида тез танилиб кетди. 2013 йилдан бери ҳамкорликда ушбу институт олимлари ва археологлари Бойсун туманидаги Сувсизтоғ чўққиларида жойлашган Узундара қалъасида қазиш – тадқиқот ишларини олиб боришади.
Қалъа ҳудудидан археологик  ванналар ва чўмилиш косалари, қуроллар мажмуаси, ҳарбийларнинг темир узуги,, билагузук каби тақинчоқлар, бронза ва сопол чироқлар, пичоқлар топилди. Экспедиция аъзолари қазишмалар натижасида ҳозиргача 500 дан ортиқ найза учлари, 400 дан кўпроқ палахмон тошлар, найзалар, бронза ва темир совут бўлаклари, от абзалларини топишган.

2021 йилдаги археологик изланишлар натижасида Дмитрий ва Эвтидема даврларига тегишли бўлган тангалар уюми топилди. Шунингдек, сопол буюмлар тўплами ва ҳарбий буюмлар ва бошқа тур археологик топилмаларга эга бўлишди.

Ўтган йиллар ичида биринчи марта бу йил Саънатшунослик институти ва Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи қалъанинг ташқарисидаги асосий майдонда кенг  кўламли  археологик тадқиқотлар олиб борди. Қазиш ишлари шимолий – шарқий минора майдонини ва шаҳарнинг унга туташ шимолий ва шарқий деворларини очиб бериши керак эди. Қазишнинг стратиграфияси кўрсатганидек, шарқий  қалъа девори 3,5 метр  баландликда сақланган. Иккита йўлак бор – стратиграфияда аниқ  кўриниб турган  ички ва ташқи йўлаклар.

2021 йилда Узундара қалъасида олиб борилган қазишма жараёнида турли даврга тегишли кўплаб тангалар, найза учлари, сопол буюмлар топилди. Айниқса, эрамиздан олдинги 230-200 йилларга тегишли қурол-яроғ буюмлари ва тангалар тарихимиз учун жуда қадрли. Александр  ва Эвтидема  тангалари ҳақида тарихимизда ҳали маълум бўлмаган маълумотларга эга бўлиш мумкин. 
Кўргазма доирасида давра суҳбати ҳам ташкил қилинди. Маърузачилар Узундара қалъаси ҳақида янада батафсил гапириб беришди. Фотосуратлар орқали эса археологларимизнинг машаққатли ишлари ва қалъа ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш мумкин. 

Кўргазма жорий йилнинг 20 сентябригача давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.