loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Уйғур санъаткорлари кўргазмаси

30 сентябр куни Тошкент фотосуратлар уйида уйғур рассомларининг “Маданий мерос” номли бадиий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Германия, Англия, АҚШ сингари давлатларда яшаб, ижод қиладиган 50 га яқин рассомларнинг 100 дан ортиқ асарлари намойиш этилмоқда.

Кўрзгазма ташкилотчилари: Ўзбекистондаги Уйғур маданият маркази, Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи.

Бугунги кўргазма йирик лойиҳа асосида шакллантирилган бўлиб, турк дунёсининг замонавий тадқиқотчилари уйғур миллати дунё тамаддунига залворли улуш қўшганиликларини таъкидлашаётганликларини яна бир бор тасдиқлаш, уни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Қадимдан уйғурлар ҳаёт тарзларида нафосатга, гўзалликка интилишган ва ўзларини ўраб турган оламда шунчаки яшашмаган, уни янада гўзалроқ, мазмунлироқ қилиш асносида санъатнинг амалий ва нафис турларини ривожлантиришган. Шунга кўра, бу миллат маданияти бугунги кунда жуда уйғунликда, мумтоз шаклда ўзини намоён этади.

Кўргазма экспозициясида, асосан, турли давлатларда яшаётган бир миллатга мансуб ижодкорларнинг рангтасвир асарлари намойиш этилган. Асарларга синчиклаб назар солсангиз уларда маданиятнинг йирик илдизи жамлаганлигининг гувоҳи бўласиз. Рассомлар ўзбекистонлик бўладими, Германияда ижод қиладими асарларидаги аллақандай унсурлар, шакллар, ранглар, рамзлар, қолаверса, сюжет ёки композиция ечимини онг ости хотираларига таяниб бир-бирига яқин, ўхшаш ифода этишган. Бу эса уларнинг қачонлардир бир уйда яшаганликлари, томирларидаги қонлари бир ўзандан эканлигини англатади.

Ижодкорлар асарларида қадимий Турфон деворий суратлари (Л. Ибрагимов. “Осиёнинг ўғирланиши”, 2004; Д.Зулфиқоров “Маликанинг тонги”, 2015; Ҳ. Қурбанов. “Оқ гуллар”, 2022 ); уйғур муғомлари, халқона гиламлар нақшу нигорлари (И.Мансуров, “Орол амазонкалари”, 2016), Турон  кенгликлари бўй кўрсатади. Баъзи асарларнинг композиция қурилиши мутаносиб, ранглар мумтоз бўлиши мумкин, аммо шакллар ва чизиқлар мавҳум (А.Ахатбакиев, “Асрлар қаърига сингиб кетган”, 2022). Яна бошқаларида ҳолат таниш, уларда акс эттирилган унсурлар азалий бўлиши мукин, бироқ сюжет бутунлай замонавий шаклантирилган (М. Хитахунов, “Тоғ этаклари”, 1976, Г.Турсунова, “Учинчи”, 2021; А.Исаев “Йўлбарс, анорлар Хўтан унсурлари – 2”; Ҳ.Қурбанов, “Томдаги дарвешлар”, 2022 ) …    

Мазкур кўргазма доирасида анжуман, рассом ҳақида фильм, либос русумлари тақдимоти сингари қизиқарли маросим ва томошалар бўлиб ўтади.

Кўргазма 6 октябрь куни ўз ишини якунлайди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.