loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Умар Ражабовнинг шахсий кўргазмаси

Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли рассом Умар Ражабов «The Sun Is One» номли шахсий кўргазмасини мухлислар эътиборига ҳавола этди.

Рангтасвирчи рассом Умар Ражабов ўз этюдлари билан томошабинга яхши таниш. У асарларини нафақат устахонада, балки ер юзининг кўплаб мамлакатларидаги саёҳатлар чоғида яратади. У жой танлаб ўтирмайди, илҳомланган пайтида мольбертини ўша ерда ўрнатиб, гўзал этюдларини чизишни бошлайди. Ҳозирга қадар дунёнинг 17 га яқин мамлакатларига қилган сафари давомида 300 дан ортиқ этюдлар яратди.

Картиналарда тасвирланган  дунё манзаралари турли бўёқларда, ўзига хос колоритлар гаммаси орқали матоларга кўчади.

Умар Ражабов оддий кўринган нарсаларга ҳам жонли кўриниш бера оладиган маҳоратга эга. Айниқса, Ўзбекистон табиати билан боғлиқ манзаралари ўзига хос десак адашмаймиз. Сабаби, унда ишлатилган бўёқлар, турли хил ранглар, реалистик жанрдаги ҳақиқий гўзал табиат – томошабин кўз олдида гавдаланади. У ҳар бир деталь устида алоҳида ранглар билан ишлай олади.

Рассом ушбу “The Sun is one” шахсий кўргазмасида – 7 йил ичида Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари қаторида Осиё ва Европа давлатларида бўлиб, булар – Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Кипр, Озарбайжон, БАА, Италия, Швейцария, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларнинг гўзал табиати акс этган этюдларини намойиш этмоқда.

Бу асарларда томошабинлар ҳар бир заминнинг ўзига хос колорити билан танишиш имкониятига эга бўлишлари билан биргаликда у еринг ўзига хос табиати ва меъморий обидалари билан ҳам танишадилар.

Кўргазма ўз ишини 10 ноябргача қадар давом эттиради.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.