loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Усмонийлар салтанатида дипломатия ва меҳмондорчилик» кўргазмаси

Усмонийлар салтанати ўзидан олдинги Турк-Ислом давлатларида мавжуд бўлган дипломатик расм-русумларни давом эттирган ҳолда, жаҳоннинг турли мамлакатлари билан ўрнатилган муносабатлар натижасида баъзи янгиликларни жорий қилиш баробарида ўзига хос дипломатияни ҳам йўлга қўйган. Шу билан бирга, Усмонийлар дипломатия анъанасини дунё миқёсида қабул қилинган расм-русумларга уйғун тарзда давом эттирган. Айниқса, ХIХ аср мобайнида турли ўлкалардан Истанбулга келган хорижий сулола вакиллари ва давлат арбобларининг ташрифлари Усмонийлар дипломатик муносабатларини ёрқин ифода этган.

31 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг «Академия» галереясида Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси ва Юлдуз Техника Университети Султон Иккинчи Абдулҳамид номидаги Илмий-амалий тадқиқотлар Маркази ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил қилинган «Усмонийлар салтанатида дипломатия ва меҳмондорчилик» кўргазмасининг очилиш маросими ва каталоги тақдимоти бўлиб ўтди.

Туркия Республикасининг 100 йиллиги ва Туркия Ташқи ишларининг 500 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган ушбу кўргазма ва кўргазма каталоги тақдимоти тарихи ва маданияти муштарак Ўзбекистонда ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эга.

Профессор доктор А. Мелек Ўзеткин, доцент доктор Айше Эрсай Юксел, ўқитувчи-мураббий Туғче Курт, мутахассис архитектор Экинсу Бойраз кураторлик қилган мазкур кўргазма Усмонийлар салтанатининг ташкил топганидан то ХIХ асргача бўлган дипломатик расм-русумлар ва фаолиятига оид 40 дан зиёд фотосуратлар намойиш қилинмоқда. Шу билан бирга кўргазмада Франция, Швеция-Норвегия, Япония, Германия ва Эрон ҳукмдорлари ва сулола аъзоларининг Истанбулга қилган ташрифига доир ёзма ва кўргазмали ҳужжатлар нусхалари ўрин олган.

Кўргазма ва кўргазма каталогининг мақсади Усмонийлар олиб борган дипломатик фаолият, айни пайтда замонавий Туркия дипломатияси анъаналари асослари билан кенг жамоатчиликни таништиришдан иборат.

Кўргазма жорий йилнинг 4 ноябрига қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.