loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Устоз ва шогирдлар кўргазмаси

Бугун, 6 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида таниқли хаттот Салимжон Бадалбоев ва издошларининг “Устоз ва шогирд” номли кўргазмаси очилди.

Кўргазмада устоз ва шогирдларнинг 100 дан ортиқ хаттотлик ишлари намойиш этилмоқда.

Қатор асарларда Қуръоннинг турли сура ва оятлари, хадис ва бошқа насиҳат битиклари араб алифбосида, куфий, сулс, наш, настаълиқ, риқо сингари хат турларида гўзал ёзув ва композицияда битилган.
Ушбу хаттотлик намуналари қоғоз, тери, матоларда асосан сиёҳларда фойдаланилган.

Тадбирда сўзга чиққанлар миллий қадриятларимиз қаторида хаттотлик санъати анъаналари ҳам фидойи олиму ижодкорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қайтадан ўз қиёфасини тиклагани, бунда Салимжон Бадалбоев каби илғор хаттотларнинг улкан хизмати борлигини таъкидлашди.

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби С.Бадалбоев хаттотлик билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келади. Ўзбекистон хаттотлари ўртасида ўтказилган танловларда 5 марта фахрли 1-ўринни эгаллаган хаттот педагогик фаолияти давомида ҳам кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Шу билан бирга хаттотлик бўйича кўплаб китоб ва ўқув қўлланмалари муаллифи саналади.

Кўргазмада хаттотнинг М.Собирова, Х.Лутфуллаев, Х.Убайдуллаев,Н.Қутбиддинова, Ё.Бухорбоев,Б.Ниғмонов, Н.Турсуналиев, А.Собирова, А.Эргашев, О.Бойназарова, З.Хабибова, М.Тохирова, А.Салимжонов сингари шогирдлари хаттотлик ишлари ҳам жой олган.

Салимжон Бадалбоев 1942 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.
1964-1070 йилларда Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.

1995-2001 йилларда Тошкент давлат Шарқшунослик институтида хаттотликдан дарс берган.

2001-2003 йилларда туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган халқаро хаттотлик мусобақаларида кетма-кет ғолибликни қўлга киритган.

2007 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали билан тақдирланган.

2009 йилда Миср Араб Республикаси Олий таълим вазирлигининг Тошкентда бўлиб ўтган танловида  1-ўринни эагллаб, икки маротаба олтин медални қўлга киритган.

2009-2015 йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги  Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга хаттотлик ва ҳуснихатдан сабоқ берган.

2011, 2013, 2014, 2017 йилларда Тошкент шаҳрида шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 28  йиллиги муносабати билан  “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

2021 йилда Турон Фанлар академиясининг академиги унвонини олган.

2022 йилда “Замин юлдузлари” Миллий мукофоти билан тақдирланган.

«Устоз ва шогирд» кўргазмаси жорий йилнинг 13 ноябрига қадар давом этади. 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.