loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қўшма кўргазма

Жорий йилнинг 6 февраль куни Тошкент  фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси  Фоторассомлар шўъбаси аъзоларининг ҳисобот ва ҳаваскор фотографларнинг қўшма кўргазмаси очилди.

Ушбу кўргазма мана бир неча йилдирки, анъанавий тарзда ўтказилиб келиняпти. Кўргазма кейинги бир неча йилдан буён шу тарзда, яъни порфессионал фотографлар билан бу соҳада эндигина иш бошлаган ҳаваскорлар суратларидан ташкил топган тарзда уюштирилмоқда.

Ҳар йилгидек кўргазмага узоқ тайёргарлик кўрилди. Шўъба раиси Рустам Шарипов бошчилигида тафтиш комиссияси тузилди. Комиссиянинг бир неча аъзолари биргаликда профессионал ва ҳаваскор фотографларни ишларини саралаб, танлаб олишди.

Кўргазма учун тақдим этилган фотографияларнинг мавзуси ва жанри чекланмаган, уни ҳар бир ижодкорнинг ўзи танлаган. Шунга кўра сиз, томошабинлар кўргазма экспозициясида портрет, натюрмор, манзара ва аралаш жанрдаги фотографияларни, анъанавий, ноанъанавий, қизиқарли сюжетларни, ранг-баранг ва оқ-қора рангдаги композицияларни, турли мавзулар ёрдамида талқин қилинганлигини кўрасиз.

Шунингдек ҳисобот кўргазмаси сизга қизиқарли маълумотларни ҳам беради. Ўзгаришлар деярли кўз илғамас бўлса-да, айтарли аввалгиларидан фарқи бўлмаса-да, лекин муҳими мавжуд. Эътиборлироқ бўлсангиз, сиз фотографлар шўъбаси сафи кенгайганини, айниқса, ҳафаскор фотографлар йилдан-йилга кўпайиб, уларнинг истаклари ҳам кенгайиб бораётганлигини илғайсиз.

Бу йилги ҳисобот кўргазмасида шўъба аъзоларидан У.Абдураззоқова, Х.Ато, Н.Иошук, М.Константиновалар мавзу ва унинг талқинига бироз ижодкорона ёндашганлар, А.Жумаев, В.Гончаренко, В.Соколов С.Канаки, А.Коровин, Р.Шарипов эса ўз анъаналарига содиқ қолиб, табиатнинг бетакрор ва сокин масканлари, шунингдек, миллий анъаналаримиз, маҳаллий урф-одатларимиз билан сизни учраштирадилар. Х.Шорахметов, В.Жирнов, Е.Володина ва Б.Недосеков сингари фоторассомлар томошабинларни хориж мамлакатларига саёҳатга таклиф қилишади.

Хаваскор фотографлар учун бундай кўргазманинг уюштирилиши жуда яхши имконият. Кўргазма экспозициясида таниқли фотографлар ишлари билан ҳаваскорлар фототасвирлари туриши уларнинг муваффақияти бўлиши билан, зиммаларига масъулият ҳам юклайди. Бу йилги кўргазмада АҚШ,  Германия, Израил, Россия сингари хорижий мамлакатлардан ҳам иштирокчиларнинг бўлиши кўргазма кўламини кенгайиб бораётганлигини белгилайди. Шунингдек ҳаваскор фотографлар фотографиядаги янги жанрларда ўзларини синаганлар.  Эрик Музипов эса қадимда фототасвирни қайд этувчи ягона йўл бўлган фотографияни шаффоф шишада кумуш ёрдамида бажариш техникаси – амбротипия тиклаш билан томошабинларга 150 йил олдинги кайфиятни тақдим этади.

Бундай кўргазмаларда иштирок этган хаваскор фотографлар ўз ижодларини яна бир бор кўздан кечириб, тажриба алмашиш, ўз салоҳиятини юксалтириш имконига эга бўлишади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.