loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўз ишини якунлади

Жорий йил 19-23 апрель кунлари мамлакатимизда анъанавий Халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтди. 14 йилдан буён давом этиб келаётган ушбу санъат ҳафталигида Ўзбекистон рассомлари, ихтисослаштирилган ўқув юртлари ўзларининг ютуқлари, ғоялари ва лойиҳаларини намойиш этиш учун қулай имкониятларга эга бўлдилар.

Ушбу ҳафталик Ўзбекистон Бадиий академияси билан бирга Маданият, Олий ва ўрта-махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар,Ташқи ишлар, Турзим ва спорт вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилди.

Бугунги кунда халқаро даражага кўтарилган фестиваль давлатимиз томонидан тасвирий ва амалий санъат ривожига қаратилаётган эътиборнинг амалий тасдиғидир.

Ушбу фестивалда йиллар давомида кашф этилган истеъдодлар  бугунги кунда миллий санъатимиз ривожи, бой меросимизни асраб-авайлаш ҳамда дунёга танитишда хизмат қилиб келмоқда.

2021 йилда ушбу  фестиваль ўз лойиҳаларини бироз ўзгача тарзда тақдим этди. Хусусан, К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг, ҳамда П.Беньков номидаги Республика рассомлик мактаби лойиҳалари тўғридан-тўғри таълим муассасаларининг ўзида намойиш қилинди.

Анъанага кўра, Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги барча кўргазма заллари ва ўқув муассасалари ҳудудида ижодий кўргазмалар, маҳорат дарслари, анжуманлар ва турли тақдимот маросимлари ўтказилди.

Фестивалнинг якуний тадбирида фестиваль доирасида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Ранглар жилосида – она диёр” Республика кўргазма-танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда танловнинг болалар мусиқа ва санъат мактаблари, умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар ўқувчилари, танловнинг ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ўқувчилари, танловнинг олий таълим муассасалари талабларидан республика босқичи ғолиблари 1-, 2-, 3- даражали диплом билан тақдирланишди.

 Аввал хабар қилинганидек, фестиваль доирасида 15-17 ҳамда 18-21 ёшлилар ўртасида“Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови Республика босқичи кзргазмаси ўтказилди. Ғолиблар “Энг яхши миниатюра асари учун”, “Энг яхши графика асари учун”, Энг яхши наққошлик асари учун” , “Энг яхши амалий санъат асари учун” номинацияларии бўйича аниқланди.

Фестиваль якунида бир қатор таълим муассасалари ҳамда фестиваль иштирокчиларидан “Фестивалнинг энг фаол тарғиботчиси”, “Энг яхши мактаб”, “Энг яхши ўқув маркази”, “Энг яхши кулол”, “Энг яхши дизайнер”, “Энг яхши иқтидорли хаттот”, “Энг фаол ижодкор”, “Энг моҳир каштадўз”, “Энг яхши иқтидорли наққош”, “Энг ёш иқтидорли рангтасвирчи”, “Энг фидокор раҳбар”, “Энг яхши лойиҳа”, “Энг яхши маҳорат дарси”, “Энг фаол иштирокчи”, “Энг ташаббускор таълим муассасаси” номинациялари бўйича ғолиблар эълон қилиниб, тақдирланишди.

 Халқаро анъанавий  Тасвирий ва амалий санъат фестивали ғолиблари фестивалнинг махсус медаллари – бронза (31 нафар), кумуш (30 нафар), олтин ( 28 нафар) медаллари соҳиби бўлишди.

Шу билан бирга фестивални юқори даражада ташкил этиш мақсадида ўтказилган танловлар ғолиблари ҳамда энг яхши асарлар муаллифларига ҳомий ташкилотларнинг   эсталик совғалари берилди.

2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали

Тантанали тадбирда ушбу фестиваль ўзбек тасвирий ва амалий санъати ривожига яна бир туртки бўлгани, янги истеъдодлар аниқлангани таъкидланди. 

 Шу билан 2021 йилнинг халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ниҳоясига етди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.