loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Шароф Рашидов – сиёсатчи ва дипломат”

2 ноябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида шу номли фотокўргазма очилди.Бу йил атоқли давлат арбоби, шоир ва ёзувчи, халқимиз хотирасида, қалбида яшаб келаётган инсон – Шароф Рашидов таваллудига 105 йил тўлди.Тарихчиларнинг фикрича, унинг ҳаёти ва ижоди шу қадар серқирра ва муҳим воқеаларга, йирик лойиҳаларга, буюк ва истеъдодли инсонлар билан қизиқарли учрашувларга бой бўлганки, уларнинг ҳар бири алоҳида ҳикоя қилишга арзийди.“Шароф Рашидов – сиёсатчи ва дипломат” фотокўргазмаси унинг кўп қиррали фаолиятининг яна бир йўналиши – ташқи сиёсат ва дипломатияга бағишлангани билан аҳамиятли. Зеро, ўша йиллардаги барча архив материаллари ҳали оммага ошкор этилмаган. Шу боис Шароф Рашидов фаолиятининг кўплаб хорижий ташрифларга бой, мураккаб халқаро муаммоларни ҳал этишнинг оғир йўлларини излаш билан боғлиқ босқичлари амалда номаълум бўлиб қолмоқда.

Шароф Рашидов инсоннинг юксак эзгу мақсадларига чин дилдан ишонган чинакам гуманист эди. У давлат хизматини севимли машғулоти – бадиий ижод билан уйғунлаштириб, йирик насрий асарлар ва ҳайратланарли даражада оҳангдор ва лирик шеъриятни яратди. У кўплаб ажойиб фазилатларга – соддалик ва мулоқотда оддийлик, қатъиятлилик ва изланувчанлик, ажойиб хотира ва нозик дипломатияга эга бўлган юксак зиёли шахс эди.Ш.Рашидов 33 ёшида олий даражадаги давлат ташрифларида қатнашди, сўнгра хорижда делегацияларга раҳбарлик қилди. Қисқа вақт ичида республикада ва дунёда юксак обрў-эътибор қозонди. У бу лавозимда қарийб 9 йил фаолият олиб борди. Дастлабки тадқиқотларга кўра, у қирқдан ортиқ хорижий ташрифларни амалга оширган. Булар асосан ўша тарихий даврда мустамлакачилик ва янги мустамлакачиликка қарши мустақиллик учун курашган “учинчи дунё” мамлакатлари эди.

Сиёсий бюро ва мамлакат ҳукумати ушбу ташқи сиёсат стратегиясини Осиё, Aфрика ва Лотин Америкаси йўналишларида амалга оширишни Шароф Рашидовга ишониб топширди. Бу йил машҳур Кариб инқирозининг 60 йиллиги нишонланиши ҳам тасодифан кўргазма билан бир вақтга тўғри келди.Ўтган асрда совуқ уруш даврида дунё биринчи марта ядровий ҳалокат ёқасига келиб қолганида, Шароф Рашидовнинг жаҳон ядро уруши сари силжиб кетишининг олдини олган муҳим сиёсий қадамлар қўйишдаги роли ҳали ҳам алоҳида жиддий ўрганишни талаб этади.Шароф Рашидовнинг дипломатик фаолияти ҳақида гапирганда, унинг Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришдаги иштирокини, бу давлатлар раҳбарлари Лаъл Баҳодир Шастри ва Муҳаммад Аюб Хон томонидан 1966 йил Тошкентда тинчлик шартномасининг муваффақиятли имзоланиши, сўнгра бир қатор Африка мамлакатларига амалга оширилган мураккаб ташрифларини эсдан чиқариш мумкин эмас.

Ўзбекистон раҳбари сифатида Шароф Рашидов Афғонистондаги урушнинг ўз республикаси учун оқибатларини бартараф этишда жиддий саъй-ҳаракатларни амалга оширди.Илк бор намойиш этилаётган фотокўргазма 8 ноябрга қадар давом этади, ундан кейин эса кўргазмани Жиззах ва Самарқандда ўтказиш режалаштирилган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.