loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Шарқона сюита

Халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида Бадиий академия тизимидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида миниатюрачи рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси фахрий аъзоси, академик Ниёзали Холматов (1947-2020) хотирасига бағишланган “Шарқона сюита” номли шахсий кўргазма очилди. 

Ниёзали Холматов мумтоз миниатюра анъаналарини замонавий локли миниатюра санъатида давом эттирган издошлардан биридир. Рассом миниатюраларидаги тоза бўёқлар бамисоли ғадир-будир эмал сингари қуюқ ва бўртиқ бўлиб кўзга ташланади. Унинг асарлари кўринишдан оддий ва пухта, бўёқ суришдаги соддалик эса ҳеч бир ортиқча уринишлар йўқлигидан далолат беради. Миниатюрасоз асарлари Ўзбекистон ва хориждаги музейлар, шахсий тўпламларда сақланади.

Кўргазмада Рассомнинг 70 га яқин асарлари ўрин олган бўлиб, улар “Пайғамбарлар тарихи”, Фирдавсийнинг «Шохнома» асари ва бошқа бадиий асарларга ишланган миниатюра туркум асарлардир. Мазкур асарлар томошабин тафаккурини юксалтириш учун хизмат қилади.

Кўргазманинг  очилиш тадбирида  Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби Ф.Обиджонова, Камолиддин Беҳзод номидаги шарқ миниатюра cанъати музей директори Г.Қаршиева, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми Ш. Муҳаммаджонов, миниатюрачи рассом, Камолиддин Беҳзод номидаги мукофот соҳиби, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Т.Болтабоев, Ўзбекистон халқ устаси Ф.Дадамуҳаммедов ҳамда ўзбек кино режиссёри Ш. Маҳмудов сўзга чиқиб, рассомнинг қадимий ҳунармандлик йўналишларидан бири – қоғоз ишлаб чиқариш сирини тиклагани-ю, мумтоз миниатюра анъаналарини замонавий локли миниатюра санъатида давом эттиргани хақида сўзлаб, уни ёд этдилар.

Шунингдек, марҳум рассомнинг умр йўлдоши Оля Холматова ҳам сўзга чиқиб, у яратган ўчмас дурдона асарлар ва устоз етиштирган шогирдлари ҳақида ўзининг илиқ сўзларини билдирди.

Мазкур кўргазма шу йил 20 августга қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.