loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Шахсий кўргазма очилди

20 август куни Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган миниатюрачи рассом Анвар Бобобековнинг “Гул ишқи” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

Экспозицияда рассомнинг 40 га яқин миниатюра  ишлари ўрин олди.

Юртимизда миниатюрачи рассомлар кўп. Аммо,  санъатнинг нозик хилқати, сирли ва ёрқин рангларини яратиш  рассомлардан катта маҳорат талаб қилади. Умидли рассомлардан бири – Анвар Бобобеков мана шундай сирларни ўзлаштирган. 

Анвар Бобобеков – 1978 йилда Тошкент вилоятида тугилган.

1986-1997 йилларда ҳозирги Республика ихтисослашган санат мактаб-интернатида ўқиди. Ушбу даргоҳда устози К. Гапиров устахонасида нақш санъати сирларини қунт билан ўрганди.

 2002-2006 йилларда Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Реклама ва графика” бўлимида таҳсил олди. Устозлари Э.Королкова ва Ф.Хаитов устахоналарида ижод сирларини ўрганди.

2018 йилдан бери  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг «Миниатюра» шўъбаси аъзоси.

Анвар Бобобековнинг ижодида мавзулар ранг – баранг. Гоҳ “Муҳаббат ноласи”, базида эса “хаёллар огушида”… Ҳар иккисида ҳам рассомнинг миниатюра санатига хос нафосат, нозиклик, майда деталларда ишлаш услубларини кўриш мумкин. Унинг «Анор», «Атиргуллар» , “Баҳор огушида” асарлари рассомнинг гуллар шайдоси эканлигидан далолат беради. Гул ишқини қушлар билан уйгунлаштирганда ҳақиқий реал асар дунёга келди. Буни рассом нафақат моҳирона тасвирлайди, балки, тўлиқ ҳис этади.

Рассомнинг Шарқона мавзулари томошабинга яқин. “Каштадўз”, “Арғимчоқ”, “Товуслар базми”, “Қизгиш тонг” каби миниатюра асарлари бугунги ва кечаги ҳаётимиздан сўзлайди. Асрлар ошиб тарихга айланадиган бугунимиз мана шундай санъат асарлари орқали авлодларимизга етиб боради.

Ҳар бир томошабин санат асарларини турлича кўради ва талқин этади. Шундай экан, рассом маҳорати ва ижодини баҳолаш, қабул қилиш ҳамда завқ олиш санъат ихлосмандларига ҳавола.

Кўргазма жорий йилнинг 5 сентябригача давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.