loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Япониялик мутахассис маҳорат дарси ўтди

Пойтахтимизда ўзгача шукуҳ билан давом этаётган ушбу биеннале доирасида 13 ноябрь куни япониялик мутахассис Ёшико Сайто Бадиий академиянинг Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида амалий санъат ихлосмандлари учун бадиий сирлаш бўйича маҳорат дарси ўтди. Сайто хоним   бадиий сирлаш ва батик услубида ишлайди ва  матони бўяш анъанавий япон услуби – рокецу нақшларини биринчилардан бўлиб бадиий сирлаш техникасига ўтказган.

Ёшико Сайто ҳозирда Япониянинг  Гунма префектураси рассомлар уюшмаси, шунингдек, Гунма Халқ усталари уюшмаси аъзоси. Шахсий ва гуруҳ кўргазмалар иштирокчиси. Ўндан ортиқ хорижий мамлакатларда маҳорат ошириш дарсларини олиб боради ва координаторлик қилади. Ёшико Сайто Ўзбекистонда ҳам бир неча йиллардан бери иш олиб боради. Япониянинг ноёб санъат турларидан бири – бадиий сирлаш билан юртдошларимизни ўзининг маҳорат ошириш дарслари орқали яқиндан таништириб келмоқда. Бугунги маҳорат дарси ҳам шулар жумласидандир.

Япониялик иштирокчи томонидан ўтказилган маҳорат дарсини ёшларимиз  қизиқиш билан кузатишди, ўзлари ҳам бадиий сирлаш усулини синаб кўрдилар.

– Биеннале давомида юртингиз ёшларининг нафақат миллий, балки жаҳон амалий санъати анъаналари, услубларидан баҳраманд бўлишга интилишларини кўриб, ҳавасим келди. Буни ўз маҳорат дарсимда яна бир бор  чуқур ҳис этдим,— дейди Ёширо Сайто.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.