loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ёш истеъдодларнинг ҳисобот кўргазмаси

Тошкент фотосуратлар уйида  ушбу санъат маскани қошидаги  Ижодий фотосанъат  мактаб-студияси битирувчиларининг 30-ҳисобот кўргазмаси очилди.

Унда мактаб-студиянинг 5 нафар иштирокчиси ўзлари олган 95 та фотосуратларни намойиш этмоқда.

Тақдим этилаётган фотоасарларда мафтункор манзаралар, ижодкорларнинг теварак-атроф ва табиатга бўлган муносабатлари, уларнинг қизиқишлари ўз ифодасини топган. Кўргазма мактаб-студиянинг 30-битирувчилари олган таҳсилнинг амалий якунидир.

Мактаб-студия битирувчиларига Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг  фоторассомлар шўъбаси аъзоси, таниқли фотоусталар ва устозлар – Искандар Содиқзода ҳамда Русудан Хубутия 3 ой давомида касб сир-асрорларидан назарий ва амалий сабоқ беришган.

Фотосуратларда  табиат, инсон ва борлиқ тушунчалари, маиший, натюрморт, манзара ва шаҳар кўринишлари, портрет жанрлари талқин этилган. Ҳар бир талаба ўзини қизиқтирган мавзу, ҳолат ва жанрларга устозлар сабоғи ва насиҳатларига биноан композицион ечим ва ранглар уйғунлигига амал қилган ҳолда ёндашиб, ижодий изланишлари, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини кўрсатишга ҳаракат қилишган.

Бўлажак фотосуратчилар ишлари ўзига хослиги билан бир-биридан фарқланиб туради, уларнинг ижодга мойилликлари, изланишдан чарчамасликлари билиниб туради. Улар теварак-атрофга, миллий ва умуминсоний қадриятларга бўлган қизиқишларин, инсоннинг ички оламини, унинг ҳиссиётларини, ҳайвонот ва қушлар оламининг ўзига хос жиҳатларини кашф этадилар.

Кўргазмага келган томошабинлар янги истеъдод соҳиб ва соҳибалари – Рустам Амиров, Эмина Ишанходжаева, Марьям Казакбаева, Нигора Тураева, Валентина Яроповецкая дунёқарашлари муҳрланган фотосуратлар билан танишиб, уларга баҳо беришлари мумкин.

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйи қошидаги  Ижодий фотосанъат мактаб-студияси 2006 йилда ташкил этилган ва фотография санъатини ўргатувчи кучли мактаблардан бири саналади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.