loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қалб наволари

Тошкент фотосуратлар уйида 30 сентябр куни Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Давлат мукофоти совриндори, профессор Акмал Икромжонов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Қалб наволари” номли шахсий кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазмада рассомнинг 60 дан ортиқ рангтасвир асарлари ва ҳаётининг қизғин дамлари акс эттирилган бир қанча фотосуратлар намойиш этилмоқда. Акмал Икромжонов ўз ижоди билан халқнинг юрагидан ўрин эгаллаган етук рассом. Санъатшунос Акабар Ҳакимов фикрича: “унинг асарлари Ўзбекистон миллий рассомчилиги олтин хазинасидан жой олган. Уларда чинакам мўйқалам устасига хос маҳорат ва чуқур профессионализм, образларни нозик психологизм ва заргарона нафислик билан ишлашдаги рассомчилик техникаси барқ уриб туради. Рассомнинг картиналари умуминсоний фалсафий ва ахлоқий тамойиллар, унинг тарихи ва замонавий интилишлари тўғрисида сўзлайди”. Бугунги кўргазма экспозицияси шартли равишда уч қисмдан иборат.  Биринчи қисмда  А.Икромжоновнинг 1980-2000 йилларга мансуб асарлари ўрин олган. Улар рассомга қадрдон  масканлар манзаралари, натюрмортлардан ташкил топган реалистик асарлардир. Иккинчи қисмдаги асарларда  миллийлик, ижодкорнинг ўзи яшаб турган борлиқ ва муҳитга чуқур фалсафий-эстетик мушоҳада билан ёндашуви акс этган. Учинчи турга мансуб асарларда эса  ижодкор қалби рангларга ошно бўлганлигини кузатиш мумкин. Бу турдаги асарлар авангард йўналишида ишланган бўлиб, уларда, асосан, ранг ва ундан хосил қилинган рамзий шакллар тилидан ҳикоя қилинади…

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.