loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қишлоқ аёлларига бағишланган фотокўргазма

Тошкент Фотосуратлар уйида 13 октябрь куни  “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” муносабати билан “15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни”га бағишлаб  фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазма ташкилотчилар: Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар союзи, Тошкент Фотосуратлар уйи.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2008 йил 12 февралдаги «Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш» тўғрисидаги резолюциясига, асосан, 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни”, деб эълон қилинган.

БМТ мазкур кунда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратишга, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга чақиради.

Халқаро қишлоқ аёллари куни маънавий-маърифий тадбирлари давомида қишлоқ хўжалигининг ривожланиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқларнинг ободлиги ва фаровонлигини оширишда аёлларнинг қўшаётган ҳиссаси ва ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кўргазма экспоцизияларида қишлоқ аёллари кундалик ҳаётининг турли жабҳалари ўз ифодасини топган бадиий фотографиялар намойиш этилмоқда.

Кўргазмани шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин: биринчи қисмда намойиш этилаётган фотосуратларнинг асосий қисмини оқ-қора рангдаги ретросуратлар ташкил этади. Уларда ўз даври ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатган таниқли ва фаол хотин-қизлар гавдаланади. Фотосуратлар Ўзбекистон Давлат архивида сақланаётган ретроспектив ва ноёб асарларнинг нусхаларидир.

Иккинчи қисмда намойиш этилаётган рангли фотосуратлар бугунги, замонавий ҳаётимизни акс эттиради. Улар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар союзининг “Фоторассомлар шўъбаси” аъзолари ҳамда Ўзбекистон Миллий Ахборот агетлиги фотомуҳбирлари, шунингдек, ёш фотографларнинг бадиий фотосуратларидан ташкил топган. Уларда бугунги кун қишлоқ аёлларининг меҳнат жараёнлари ёки турли ҳаётий жабҳа ва ҳолатлардаги бадиий фотосуратлари жамланган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.