loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қўшма кўргазма

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Фоторассомлар шўъбаси” аъзоларининг ва ҳаваскор фотографларнинг Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган қўшма фотокўргазмасининг очилиши бўлиб ўтади.

Ҳамкорликда ташкиллаштирилган ушбу кўргазмада кўп йиллик тажрибага эга бўлган устоз фоторассомлар ҳамда фотография санъати оламига кириб келган ёш ва ҳаваскор фотографларнинг бир нечта босқич асосида саралаб олинган фотографиялари намойиш этилмоқда.

Анча йилларда буён ўтказилиб келинаётган ушбу ижодий лойиҳа анъанавий тус олиб бормоқда. Моҳир ва тажрибали устозлар қўлида тарбияланган, шунингдек, фотосанъатига меҳр қўйган санъатсеварлар билан биргаликдаги кўргазма ўтказилишидан мақсад бадиий фотография давомийлигини сақлаб  қолиш, ўзаро тажриба алмашиниш, турли авлод ижодкор вакилларининг илиқ, кези келганда баҳсли мунозараларига имкон яратишдир.

Кўргазма кўлами жуда йирик бўлиб, унда 350 га яқин фотографиялар тақдим этилмоқда. Фотографияларнинг ҳар бири диққатга сазавор, мавзу ва композициялари ўзига хос, қизиқарлидир. Намойиш этилган фотографияларнинг аксарияти замон нафаси билан ҳамоҳанг, табиат, борлиқ, инсонлар ва турли жониворларнинг ўзаро муносабати, алоқадорлиги акс этади. Ижодкорлар теварак-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўзига хос нуқтаи назар билан нигоҳ ташлаб, турлича талқин этишган.

Айниқса, ҳаваскор фотографларнинг аниқ концепция ва мазмунга таяниб ижод қилганларини кузатиш мумкин. Улар изланишда давом этиб, ўзлари ва томошабин учун фотография ва обективнинг янги жиҳатларини кашф этаётганликларини намойиш этишган. Ҳаваскор фотографлар орасидан Э.Ишанхаджаева, М.Наджибаев, В.Яроповская, М.Аъзам, Я.Малахов, И.Кривашев, Н, Павленко, Р.Грановская, А.Ленков, Р. Валиев, А.Ҳасанова,  С.Воробьёва, Ж.Шаталина сингариларнинг ишлари томошабин диққатини жалб эта олади.   

Кўргазманинг асосий қисмини Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фотошўъба аъзолари: Р.Шарипов, В.Соколов, В.Шлосберг, И.Садикзоде, В.Гончаренко, С.Канаки, Л.Аметов, Виктор Ан, С.Карандаев, Б. Недосеков, И.Щур, А. Коровин, З.Рўзиқулов,  Е.Володина, шунингдек, Ҳ.Ато, Б.Алимходжаев, С.Деҳқонов, М.Константинова, З.Рўзиқулов, Х.Русуданнинг асарлари ташкил этади. Уларда табиат ва теварак-атрофнинг бетакрор гўзал манзараси, қадимий обидалар ва замонавий бинолар акс эттирилиб, бадиий-ғоявий, композицион-пластик ечимининг мураккаблигига эришилади. Муаллифлар  замонавий фотография имкониятларидан фойдаланиб, замон ва макон, шакл пластикаси ва ранглар жарангини ўйғунлаштирадилар, инсон заковатининг чексиз сарҳадларини ифода этадилар.                     

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.