loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ҳаёт жозибаси

Бугун Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Ривкат Азихановнинг “Ҳаёт жозибаси” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг рангтасвир, акварель ва графика техникасида ишланган полотнолари намойиш этилаяпти.
Ривкат Азихановнинг рангтасвир асарлари, асосан, портретлардан иборат.
 
Портретлар ишлашда рассом тасвирланувчининг яширин ички дунёсига ва томошабин нигоҳи тўқнаш келиши муқаррар бўлган кўзларига алоҳида эътибор қаратади. Унинг портретларида хотиржамлик ҳисси етакчилик қилади. Қиёфаларнинг кўпчилиги фақатгина муаллифга маълум сабабларга кўра ёндан тасвирланади.
Яна шуни кузатиш мумкинки, рассом рангтасвирга хос пластика, ранглар, оддий кўз илғамаслиги мумкин бўлган ҳолатларни гўзал жинс қиёфалари билан уйғунлаштиради.
Ижодкорнинг графика асарлари кўргазманинг кўпчилик қисмини ташкил этиб, “Ўткинчи қиёфалар” дастгоҳли график асарлари туркумида фоний ҳаёт фалсафий, маъжозий, бадиий тилда ҳиқоя тарзида талқин этилади.
Кундалик турмушда бўлиб ўтадиган воқеа, ҳодисалар диний, дунёвий мавзудаги сюжетларда очиб берилади. Баъзан эса кулги остида аччиқ ҳақиқат яширинади, ўткир истеҳзо ўз ифодасини топади.
Графиканинг турли техникалари (офорт, литография ва бошқ.)да ҳам дастгоҳли ҳам китоб графикасида маҳорат билан ишланганлиги Р.Азихановнинг истеъдодидан дарак беради. Биргина дархт тасвири жуда нозик чизгилар орқали ўзида маҳобатли шаклни ва чуқур моҳиятни мужассам этади (“Эман”, “Яланғоч даштдаги дарахт”).

Ривкат Азиханов аквареллари рангтасвир ва графика уйғунлигида вужудга келади. Чизиқлар нафосатга йўғрилган ва ранглар уларга ҳамоҳанг. Албатта, кўпинча рангларнинг ўзи бирламчи вазифани бажаради. Уларда кўз илғамас ҳаракат ва вазнлар сизиб юргандек бўлади. Сувли бўйёқлар ёрдамида шакллантирилган табиатнинг гўзал, сирли, бетакрор ҳилқатлари картина юзасида шивирлаб туради (“Кузнинг илк палласи”, “Шафақ”, “Ойдин кеча”).

Рассом ҳақида:
1951 й. – Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳарчасида туғилган (Ўзбекистон).
1977 й. – А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтининг графикачи рассом мутахассислиги бўйича тугатган.
1982 й.дан – Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси.
Турли йилларда “Ўзбекистон”, “Ғафур Ғулом”, “Ўқитувчи” нашриётлари билан ҳамкорлик қилган.
“Татар-Информ” Татаристон Республикаси Ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги махсус муҳбири бўлиб ишлаган. Қозон шаҳрида чоп этилган “Татар Иле”, “Татарские Края” газеталари, “Татаристан” журналида, шунингдек, Ўзбекистоннинг “Народное слово”, “Правда Востока”, “Вечерний Ташкент” газеталарида ва бошқа нашрларда журналист сифатида фаолият олиб борган.
Кўп йиллар П.П. Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида дарс берган.
Республика, бутуниттифоқ, чет эллардаги кўргазмалар иштирокчиси.
Ишлари Ўзбекистон Респубдикаси Маданият вазирлигининг Бадиий кўргазмалар ва панорама дирекцияси, А.Икромов номидаги Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъати тарихи Самарқанд давлат музейи, Қаттақўрғон тарихий-ўлкашунослик музейи, Железноводск тарихий-ўлкашунослик музейи, Тошкент С.Есенин музейи, турли мамлакатлар коллекционерлари томонидан сотиб олинган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.