loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон Қарори ижросини таъминлаш, мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, юртимизнинг санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида жорий йил 16-20 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Глобаллашув ва миллий анъаналарни асраш: танлаш имконияти” мавзусида IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилади.

Шу муносабат билан 13 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мазкур биеннале мақсад ва вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.          

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3219-сон Қарори билан 2017 йилдан бошлаб халқаро амалий санъат биенналесини ўтказиш йўлга қўйилганлиги, халқимизга ва жаҳон ҳамжамиятига замонавий амалий санъат асарларини намойиш этиш, бу борада халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишда катта имкониятлар яратди.           

Ушбу биеннале юртимиз ҳамда хорижда катта қизиқишга сазовор бўлмоқда. Пойтахтимизда тўртинчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро амалий санъат байрами – миллий анъаналарни асраб-авайлаш, халқимизга ва жаҳон ҳамжамиятига замонавий амалий санъат асарларини кўрсатиш, шунингдек, унутилиб бораётган халқ анъаналарини қайта тиклаш, оммалаштириш, замонавий амалий санъатда юз бераётган жараёнларни амалда намойиш қилиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, халқлар томонидан яратилган асрий тамаддун самараларини кенг тарғиб қилиш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтиришга туртки беради.

Бу йил 12 хорижий давлат – Ҳиндистон, Миср, Япония, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Литва,  Франция, Италия каби мамлакатлардан 30 нафар амалий санъат устаси қатнашмоқда. Республикамиздан 60 нафардан зиёд амалий санъат усталари ўз ижодини намойиш этади.

 “Глобаллашув ва миллий анъаналарни асраш: танлаш имконияти” мавзусидаги IV Халқаро амалий санъат биенналесининг мақсади иқтисодиёт тез суръатлар билан глобаллашиб, “оммавий маданият” ҳаётда тобора кенг ўрин эгаллаётган ҳозирги даврда амалий санъатнинг ўзига хослигини асраб қолиш ва анъаналар умумийлашиб  боришини бартараф қилишни илгари суришдан иборат бўлиб, у биенналенинг асосий ғоясини ифодалайди.

 Таъкидлаш керакки, бу ўринда анъаналарни асраш деганда улардан нусха кўчириш ёки ўтмиш амалий санъат намуналарини ҳеч бир ўзгаришсиз, қадимги кўринишда сақлаб қолиш, маданият шаклларини соддалаштириш, жонлантириш эмас, балки мавжуд анъаналарни ижодий талқин қилиш ва инновацион ривожлантириш, деб тушуниш лозим.

Дунё минтақаларида амалий санъат анъаналари бир хиллашиб бориши жараёни анъанавий ҳунармандчилик ресурсларини асраш ҳолати билан бевосита боғлиқлигини эътиборга олган ҳолда, Тошкент биенналеси жаҳон амалий санъат усталари учун очиқ ва кенг мулоқот майдони бўлади.

Ҳафта давомида пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра  санъати музейи ҳамда Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ўтадиган ушбу халқаро биеннале доирасида замонавий ўзбек ва хориж безак санъати, миллий кулолчилик, зардўзлик, ўймакорлик, заргарлик  асарлари кўргазмалари, маҳорат дарслари, тақдимот, халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.

IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналесининг тантанали очилиш маросими 16 октябрь куни соат 11:00 да Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.