Тадбирда Бадиий академия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг рангтасвир ўқитувчиси О.Умрзоқов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси профессори Р. Фатхуллаев, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейининг миниатюра бўлими бошлиғи С.Жалилова, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, миниатюрчаи рассомлар Т.Болтабоев, К. Мирзаев иштирок этишди.
Ёш миниатюрачи рассом Саида Жалилова рассомнинг рубоий ва бадиий асарларни кўпроқ мутолаа қилиши нафис миниатюра асарларини яратиш, композицияни пухта тузишига хизмат қилишини таъкидлади.
Миниатюрачи рассом Камол Мирзаев сўзларига кўра, миниатюра – каллиграфия, саҳифаларни зийнатлаш, муқова безаги билан бир қаторда қўлёзманинг асосий мураккаб декоратив унсурларидан бирини ташкил қилади. Миниатюранинг асосий аҳамияти матн мазмунини тушунтириш ва умуман олганда, дунёвий характердаги асарларни безашдан иборат. Миниатюра қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш билан бирга мазкур асарлардаги инсонпарварлик ғоялари, олижанобликка интилиш ҳисси, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилади. Бадиий санъат амалиётида ҳам миниатюра муҳим ўрин эгаллай бошлади.