loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш ҳолати ўрганилди

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Бадиий академияси раиси маслаҳатчиси Моҳира Раҳимова шу йил март ойида Тошкент шаҳридаги тизим ташкилот ва таълим муассасаларида бўлиб, ҳужжатларда давлат тили меъёрларига амал қилиш ҳолатини ўрганди.

Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчининг жойлардаги ўрганиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон ҳамда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.

М.Раҳимова тасарруфдаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, “Санъат” журнали ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасида бўлди. Ўрганиш давомида объектлардаги ёзувларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қандай риоя этилаётгани билан танишди.

Маслаҳатчи тизим ташкилот ва таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда бу борада аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш юзасидан тавсиялар берди, давлат тилида иш юритиш кўникмалари, ўзбек тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланиш хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди, тил меъёрларига амал қилиш ҳолати доимий назоратда бўлишини таъкидлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йилнинг 10 февралдаги 61-сон қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.