loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Диплом берилди

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида битирувчи 11-синф ўқувчиларига тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мактаб-интернатда мусиқа ва рассомлик йўналишларида таълим олган жами 75 нафар ( 53 нафари рассомлик, 22 нафари мусиқа йўналишида) ўғил-қиз дипломга эга бўлишди.
Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Ф.Обиджонова иштирок этди.

— Сўнгги йилларда ихтисослаштирилган санъат мактаблари ва мактаб-интернатлари фаолиятини ташкил этишда муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январда қабул қилган 9-сон қарори санъат ва маданият соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қиляпти. Бугун сиз олган давлат намунасидаги диплом келгусида нафақат олий таълим муассасасида ўқишни давом эттириш, балки мутахассис сифатида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини ҳам беради. Сизларни ушбу муваффақиятингиз билан самимий табриклайман, келгусида фаолиятингизда янги ютуқлар тилайман, — деди ўз сўзида Ф.Обиджонова.

— Менга қалб қўри билан таълим берган, мусиқа сирларини ўргатган барча устозларимдан миннатдорман. Улардан олган билимларим келажакда фаолиятимда жуда асқотади, деган фикрдаман. Юртимиз санъати ривожи учун бор куч ва имкониятимни сарф этишга ҳаракат қиламан, — дейди мусиқа йўналиши ўқувчиси Д.Адҳамова.

Тадбирда битирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам қатнашишди ва фарзандларини учирма қилган мактаб-интернат жамоасига, устоз-мураббийларга ўз миннатдорлигини билдиришди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.