loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Менинг устозим» ижодий танлови ғолиблари тақдирланди

Бугун, 7 октябрь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Ҳайкалтарошлик” таълим йўналиши талабалари ўртасида ўтказилган «Менинг устозим» бадиий композиция лойиҳасини яратиш бўйича ижодий танловнинг ғолиблари тақдирланди ҳамда ижодий ишлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Мазкур ижодий танлов Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан устоз-мураббийларга бўлган юксак ҳурматни иждоий асарлар орқали тараннум этиш, уни ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил қилинди. Унда 30 дан ортиқ ижодий ишлар танлов ҳайъатига тақдим этилди.

Маросимда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ғолибларни тақдирлар экан, танловга қабул қилинган ижодий ишларнинг бадиий савияси юксаклиги, айниқса, мавзу маҳорат билан очиб берилганини таъкидлаб, бу сўнги йилларда юртимизда бадиий таълим ривожига берилаётган эътибор самараси эканлигини, бугун ижод оламига дадил қадамлар билан кириб келаётган ушбу ёшлар келажакда Янги Ўзбекистон санъати ривожига муносиб ҳисса қўшадиган етук ижодкор бўлишларига ишонч билдиришди.

Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда ҳомийлар томонидан мазкур танлов ғолибига айланган Эркабой Аминовнинг бир йиллик тўлов-шартнома пули (стипендияли) тўланиб, ноутбук совға қилинган бўлса, 2-ўрин соҳиби Ғиёсжон Нурмухаммадовнинг эса бир йиллик тўлов-шартнома пули (стипендияли) тўлиқ қоплаб берилди. Шунингдек, фахрли 3-ўрин соҳибига айланган Тохиржон Ахмедов ҳамда Алишер Боқиевларнинг бир йиллик шартнома пуллари (стипендиясиз) тўлаб берилди.

                                                            Танлов кўргазмаси ижодий ишлари

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.